Туғуруқхонада алмашиб қолган эгизаклар 19 йилдан кейин ҳақиқатнинг тагига етишди
Малайзиянинг Кота-Бару шаҳрида яшовчи, болалигида алмашиб қолган эгизаклар туғилганидан 19 йил ўтиб ўтказилган ДНК тести туфайли ҳақиқатни билиб олишди. Бу ҳақда The Star нашри хабар бермоқда.
19 йил давомида Aдрияни ва Aдрияна Ивани ўзларини бир-бирига ўхшамайдиган эгизаклар деб ҳисоблаб келишган. Бу вақт давомида улар биологик опа-сингил эмаслигини ҳатто хаёлларига ҳам келтиришмаган.
Қизлар ДНК тестидан ўтганидан сўнг ҳақиқат юзага чиқди. Маълум бўлишича, туғилганда опа-сингиллардан бирини алмаштириб қўйишган ва бошқа оилага бериб юборишган. Aдриянанинг ҳақиқий эгизак синглиси Пантаи Кундор туманида яшовчи бошқа оилада ўсган Норатира (Aтира) Хусин бўлиб чиқди.
Ҳақиқатни билгач, алмашиб қолган қизлар фамилияларини ўзгартиришга аҳд қилишди. Шу билан бирга, Aтира ўзи катта бўлган оила билан яшашни давом эттиришга қарор қилди. У биологик оиласи билан доимо илиқ муносабатда бўлишини таъкидлаган.
«Ҳозир мен Кота-Барудаги университетлардан бирида ўқишни давом эттиряпман. Бўш вақтимда ҳақиқий онам Сити Aмина Мод Исмоил ва эгизак синглим Aдрияни Иванини кўргани бориб турибман», – деди Aтира.
Aдрияни Иванининг таъкидлашича, у қариндош бўлиб чиқмаган синглисига нисбатан муносабати ўзгармади.
«Муносабатларимиз ўзгармайди, онам ҳам унга ўз қизидек муносабатда бўлади», – деди у.
Aтира ва Aдрияна фамилияларини ўзгартиришга қарор қилишди ва Миллий рўйхатга олиш идорасига тегишли ариза топширишди. Маҳаллий ҳокимият органлари аризани маъқуллаб, уларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ва паспортларидаги маълумотларни тузатишга рози бўлди. Норатира Хусин Aтира Ивани Ибени Янинга, Aдрияна Ивани Ибени Янин эса Aдрияна Хусинга айланди.
«Исмим бироз ўзгарган бўлса-да, Aтира исмини ҳалигача сақлаб қолдим, чунки уни менга марҳум отам Хусин Умар қўйган. Янги ҳужжатлар муҳим ишларимни осон ҳал қилишга ёрдам бериш билан бирга, 20 йил давомида ўзга оилада яшаганимдан кейин энди ўзим эканлигимга ишонч ҳосил қилади», — деди Aтира.
Қизларга ҳужжатларни Миллий рўйхатга олиш идораси бош директори ўринбосари Датук Саадон Отман топширди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter