Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Трамп ва унинг фарзандлари қамалиши мумкин

Трамп ва унинг фарзандлари қамалиши мумкин

Фото: «AP Photo / Evan Vucci»

Дональд Трамп ва уч нафар фарзандининг «Trump Organization» компаниясидаги фаолияти жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши мумкин, дейди Германиянинг «Focus» нашри муаллифи Сандра Уорд.

Унинг сўзларига кўра, ушбу иш юзасидан Дональд Трамп қамоққа олиниши эҳтимоли йўқ эмас.

«Фақат президентликкина Дональд Трампни турма ёки хонавайрон бўлишдан сақлаб қолади», — дея муаллиф америкалик тарихчи Тимоти Снайдернинг сўзларидан иқтибос келтиради.

Шу билан бирга, Америка ОАВ амалдаги давлат раҳбарининг уч фарзанди — Иванка, Дональд ва Эрик ҳам тез орада қамоққа олинишини айтмоқда. Уларнинг «Trump Organization»да молиявий ва солиққа оид қоидабузарликларга алоқаси бўлиши мумкин.

Яқинда Иванка Трамп Нью-Йорк Олий суди томонидан президент оиласи компаниясида солиққа оид қоидабузарликлар бўйича тергов кенгайтирилгани эълон қилингач Демократик партияни сиёсий таъқибда айблади.

Иванка отаси Трампнинг фонд фаолиятига энг кўп жалб этилган. У «консультант» хизматлари эвазига «гонорар» сифатида отасидан 750 минг доллар олган. Бу Нью-Йорк прокурорларида президент солиқлардан қочишга уриняпти, деган шубҳа уйғотди. Бундан ташқари, Трамп «Playboy» модели Карен Макдугалга пора берганликда гумон қилинмоқда.

2012 йилда Трампнинг болалари — Иванка ва Дональд фирибгарлик туфайли суд қилинишига сал қолган. Уларни «Trump Soho Tower»даги квартиралар нархини оширишда айблашлари мумкин эди. Шуниси эътиборга лойиқки, ўшанда Трамп оиласи прокурорни қайта сайлаш кампаниясига 25 минг доллар хайрия қилган.

Ҳозир Трамп оиласига нисбатан ўндан зиёд тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Яқин йиллар ичида эса амалдаги давлат раҳбари хорижлик кредиторлар, жумладан, «Deutsche Bank»га 300 миллион доллардан ортиқ қарзини тўлашига тўғри келади. «Financial Times» маълумотларига кўра, Трампнинг қарзи 900 миллион долларга етади. «Forbes» эса солиқ идоралари олдидаги миллионлаб мажбуриятлари ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, амалдаги президентнинг бизнеси пандемия туфайли катта зарар кўрмоқда, дейилади мақолада.

Ўтган йили ҳукуматнинг ахлоқ қўмитаси Иванка Трампни «Trump Organization» хайрия маблағларидан 20 минг долларга президент портретини харид қилгач «Хайрия ташкилотлари мажбуриятлари» курсидан ўтишга қарор чиқарганди. Хайрия маблағлари шахсий манфаатлар ва харажатларга мўлжалланмаган, деган хулосани берган қўмита.

Қонун билан боғлиқ муаммолар Иванканинг турмуш ўртоғи, Жаред Кушнер оиласида ҳам кузатилган. 2004 йилда унинг отаси, катта бизнесмен Чарльз Кушнер партиянинг ноқонуний хайриялари ва солиққа оид фирибгарликларда айбига иқрор бўлгани учун 14 ойга қамалган. Бундан ташқари, судда қариндошларидан бирини «шантаж» қилиш учун фоҳиша ёллаганини ҳам тан олган.

Трампнинг олти нафар собиқ маслаҳатчиси қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Улар орасида собиқ адвокати Майкл Коэн ҳам бор. Ундан президент оиласининг келажаги ҳақида сўрашганида, Трамп ўзини қутқариш учун ҳамма нарсага тайёр эканлигини айтган.

«Аввалига у Эрикни, кейин Донни, керак бўлса, суюкли қизи Иванкани ҳам қурбон қилади. Ишонинг, мен Дональдни яхши биламан», — деган Коэн.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг