Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Уят бўлса ҳам айтай...» — Кимсасиз ҳудуддаги меҳмондўст балиқчи нимадан хижолат бўлди?

«Уят бўлса ҳам айтай...» — Кимсасиз ҳудуддаги меҳмондўст балиқчи нимадан хижолат бўлди?

Фото: «Xabar.uz»

Шундай жойлар бўлади: атайлаб, излаб, орзиқиб борасан. Шундай жойлар бўлади, орзу қилсангда, боришнинг имкони бўлмайди. Машаққатли йўл, у ерларни беш қўлдек биладиган чайир, кучли, жасур ҳамроҳинг бўлмаса аро йўлда қолиб кетиш ҳеч гапмас.

Яқинда  Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Қорақалпоғистон экологияси» газетаси ва Ekolog.uz газетаси ҳамкорлигида Жанубий Устюрт миллий табиат боғи  ва Судочье-Акпетки буюртма қўриқхоналарига уюштирилган медиатур биз журналистлар учун айни муддао бўлди. Тўрт кунлик саргузаштларимиз бевосита балиқчилар билан ҳам боғлиқ.


Биринчи мақола: «Борса келмас», Сариқамиш, Судоче, Қоплонқир... Саргузаштларга тўла тўрт кун


Кимсасиз бепоён бу ҳудудда фақатгина балиқчиларнинг уйидан паноҳ топишингиз мумкин. Бир хонада ўзлари яшаса бир хонасини қўноқлар учун тузаб қўйишган. Куннинг қайси пайти қачон кириб борманг, улар оғринмайди, одам келганига хурсанд бўлади. Шароит мақтангулик эмас. Поёнсиз кўл, тузли сув, гиёҳ ўсмайдиган шароитда яшаётган балиқчиларнинг ҳаёти жуда қийиндек. Аммо ўзлари кўникиб кетган. Судочье кўли атрофида яшайдиган балиқчи Жолғосбой Бойжонов 67 ёшда.

Балиқчи Жолғосбой Бойжонов бу ҳудудларга одам келганига хурсанд бўлади.

Йил ўн икки ой орада тумандаги бола-чақасини олдига бориб келишини ҳисобга олмаганда, умри мана шу шовуллаган қамишзор, фламинголарнинг чарх уриб учиши, сиз ҳеч қаерда эшитмаганингиз қушлар сайроғи орасида  ўтаяпти. Телефон йўқ, интернет йўқ... Шарт-шароитга кўниккан шаҳарликлар бу ерларда яшашни тасаввурига сиғдиролмайди, яъни на тиббий маскан, на дори-дармон, на тез ёрдам машинаси чақиришнинг имкони йўқ бу дунёчада қўрқмай яшашни...

«Жолғосбой оға, орзуингиз нима, эришолмаган орзуларингиз борми», деб сўрайман. Жолғосбой оға орзуларини эслолмайди.

— Балки, армияда юрганимда яхши кўрган қизимга уйланиш орзуим бўлгандир...(кулади)

—Ишингиз зерикарли эмасми? Ташқи оламдан, одамлардан узилиб қолгансиз.

—Йўғе, ўрганиб кетганман.

—Агар сизга шароити зўр жойларда яшашга таклиф қилса, масалан Америкага кўчиб кетармидингиз, сиз тасаввур қила оласизми, бундан бошқача ҳаёт ҳам борлигини.

Мен ўз тупроғимни яхши кўраман.

Жолғосбой оға энгашади, шўр ва нам қум аралаш тупроқни қўлига олади:

 —Мен ўз тупроғимни яхши кўраман.

—Балиқчи бўлишни орзу қилганмисиз ёки тирикчилик деб ўйлайсизми?

—Орзу қилмаганман, келиб қоровуллик қилганман, кейин ўрганиб кетдим балиқларга, кўлга.

—Нимани қоровуллайсиз?

—Браконьердан қўриқлаймиз... Улар асосан, ўрдак, ғоз овлашади, ҳатто балиқларни ток билан ўлдириб овлаши мумкин.

—Озиқ овқат, сувни қаердан оласизлар?

—Машиналарда олиб келишади?

—Туристларга ёқадими, уларнинг талаби қандай?

—Туристлар қушлар учун келади, табиатимиз жуда ёқади, аммо йўл машаққати, транспорт масаласи уларни қийнайди, яна уят бўлса ҳам айтай, ҳожатхоналаримиздан жуда норози бўлишади.

«Судочье» кўли

Судочье Қорақалпоғистондаги энг йирик кўлларнинг бири бўлиб, унинг майдони 50 минг гектар. Судочье кўллар тизими аввал «Мўйноқ аква саноат» ДУКка қарашли бўлган. Президентимизнинг 2019 йил 20 мартдаги «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан мазкур кўллар тизими Давлат экология қўмитаси тасарруфига берилди. Яъни умумий майдони 280 минг 507 гектар бўлган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклидаги «Судочье-Акбеткей» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди. Демак, бундан буён ноқонуний овчилик ва қамишларни ёқиб юборишга қарши жиддий курашилади.  

«Судочье» кўли

Бу ерда 240 дан ортиқ, кўп жойларда учрамайдиган қушлар тури учрайди. Қушларнинг миграцияси учун жуда яхши маскан. Учиб кетган қушлар кузда қайтишида Судочьеда маълум вақт дам олиб кетади. 

Қизилғоз, яъни фламинго қушлари Қорақалпоғистондан асосан учиб ўтиш, узоқ сафар олдидан озиқланиш учун мана шу манзиллардан фойдаланади, унинг емиши артемия.

«Нимага бу кўлнинг номи Судочье», деб сўрайман суҳбатдошимдан «Суви чуччи, яъни чушши деганидир, агар шундай десак бу кўлнинг суви чучук эмас, балки суви аччиқ, шўр, ашши, тиниқ деганидир бизнинг тилда», дейди. 

Чўл ўртасида балиқ заводи?

Ҳа, бир пайтлар бу ерларда балиқ заводи бўлган. Чўлнинг ўртасида қачонлардир ҳатто касалхона, почта тизими, мактаб бўлганини тасаввур қилиш қийин. Ўтган асарнинг 50-йилларида Урга балиқчилар посёлкасида 100 дан ортиқ оила яшаган экан.

Бир пайтлар бу ерларда балиқ заводи бўлган.

Жолғосбой оғанинг айтишича, улар урал казаклари ҳисобланган. Ўтган йилнинг 70-йилларида бу ерни сув камайиши боис ташлаб кетган ургаликларнинг уй харобаларини кўришингиз мумкин.

Сал нарироқда қабристон, ҳатто моховларни олиб келиб даволайдиган маскан ҳам жой олган. Бир пайтлар денгизчилар учун маёқ вазифасини бажарган минора харобалари сўзимизни тасдиқлайди. Уларнинг баландлиги 10 метрдан ошади. Бу минораларни 9-10 асрларда массагет қабилалари қурган экан, уларнинг мозорлариям бор ҳатто.

Массагет қабилалари қурган миноралар харобалари.

Жолғосбой оға эса қармоқ, қайиқ, балиқлар ҳақида гапиришни яхши кўради.

Жолғосбой оға тўрдан фойдаланади.

—Биз қармоқдан эмас, тўрдан фойдаланамиз, мана бу тўримга 200 килогача балиқ кетади. Қайиқларимизни эса ямаб, тузатиб овга шай қилиб қўйганмиз.

—Жолғосбой оға балиқларни қаерда сақлайсизлар?

—Мана музхонамиз бор. 2004 йил қурилган, қамишдан.

Балиқ сақланадиган табиий музхона.

—Музни қаердан оласизлар?

—Кўл музлайдику, ускуналар билан қирқиб трактор приципига ортамиз. Ҳар бир прицепга 2 тонна муз кетади...

—Эҳҳе, музни қирқиб уни жойлаштириш осон иш эмаску...

—Бошқа балиқчилар келади, Икки-уч кун ичида мана шу икки тонналик прицепдан 20-25 тасини ташиймиз.

—Қанча балиқ кетади?

—Хохлаганча...

—Балиқни қанча пайт сақлайсизлар?

—Июн ойидан овга рухсат берилади, шундан бошлаб тутилган балиқларни августнинг охиригача сақлаймиз. Фақат илонбалиқни икки-уч кундан ортиқ сақлаб бўлмайди.

—Музхонада муз йўқку.

—Э, бу йил кўл музламади, буям энди биз учун муаммо.

—Бирорта фарзандингиз ишингизни давом эттираяптими?

—Икки ўғил, икки қизим бор. Йўқ, улар мендек балиқчи эмас.

«Довул, ёмғир, ёнғин биз учун машаққат»

—Ишингизнинг машаққати нимада, деб сўраймиз биз балиқчидан?

—Довул, ёмғир қийинчилик туғдиради...

Дарвоқе, бундан 2-3 йил олдин Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари ҳудудида жойлашган Судочье кўллар тизимида, қамишзорда ёнғин бўлганди. Демак, ёнғин ҳам балиқчилар учун яна бир машаққат.

Хабарларда икки кундан ортиқ вақт давом этган олов оқибатида 278 гектар майдондаги қамишзорлар ёниб кетганлиги, аммо одамларга, ҳайвонот дунёсига зарар етмаганлигига урғу берилганди. Ўша хабарда ёнғин ҳақида ўз вақтида кўлдаги балиқчиларнинг хабар қилмагани эса тушунарсиз ҳолат, дейилган иддаоларни ҳам учратиш мумкин эди. Ўша пайтлари биз ҳам шундай иддаолар тарафида эдик. Транспорт бўлмаган, на интернет, на телефон ишламаган жойда яшаётган балиқчиларнинг шарт-шароитини кўргач, иддаоларимиз бироз ўринсиз эканини англаб етдик.

—Ўзбекистоннинг қайси шаҳарларида бўлгансиз?

—Қорақалпоқни биламан, шу кўлни биламан. Тошкентга борганман. Бир пайтлар поезд юрардику...

—Нечанчи йиллар?

—Ҳов унда Россияга, армияга кетаётганимизда Тошкентнинг чеккасидан ўтиб кетганмиз...

Жолғосбой оға яшайдиган битта худди шундай уйда яна бир Жолғосбой оға яшайди. Қизиғи икки Жолғосбой оға синфдош.

Икки синфдош, икаласи ҳам Жолғосбой оға.

—Иккаламиз бир-биримизникига меҳмонга борамиз, неварам Дурдавлат келади, суҳбатлашамиз, — дейди суҳбатдошим.

Жолғосбой оға кўлда айлантирди.

Иккинчи Жолғосбой оға, ўртоғининг невараси билан қайиқда кўлга олиб чиқиб келишни ҳаммага бир-бир таклиф қилади. Кимдир қўрқиб йўқ дейди. Лекин шундай жойларга келиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Иккинчи Жолғосбой оға бажонидил, чин дилдан бизни эринмай қайиқларида навбати билан кўлни айлантириб келди. Ҳақиқий балиқчи билан ҳақиқий кўлда қайиқ минган бошқа экан...

Манзил охирлади, биз балиқчилар билан хайрлашиб йўлга отландик. Жолғосбой оғалар бизни илиқ кузатиб қолди. Одамлар, шовқин-сурон улардан узоқлашаётганига бироз маъюслашди чоғи. Аммо кўл ва қамишнинг ўзига хос сукунатни бузадиган шовуллаши, турли қушларнинг чуғури, тупроқ ва сувнинг ўзига хос ҳиди — буларнинг барчаси балиқчилар билан бир умр қолади... Буни таърифлаш қийин, у ерларда бўлган одам, балиқчилар билан суҳбатлашган одамгина кўлнинг ўзига хос ҳидини, сукунатнинг товушини, қамишнинг шитирини бир умрга унутолмайди, унутмайди.

Барно Султонова, «Xabar.uz» мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг