Тошкентда Хитойнинг Нанкинг институти филиали очилиши мумкин
2019 йилнинг 25-27 январь кунлари Хитойнинг Нанкинг политехника институтининг (Nanjing Polytechnic Institute) делегацияси, вице-президент Чжан Сяожун бошчилигида Тошкент шаҳрига ташриф буюрди.
Делегация ташрифининг мақсади – Ўзбекистон ва Хитой ўртасида олий таълим соҳасида алоқалар ўрнатиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдир. Хусусан, манфаатдор вазирликлар ва идораларда бир қатор учрашувлар ва музокаралар ўтказилиб, касб-ҳунар коллежлари фаолияти билан танишилди, Тошкент шаҳрида Нанкинг политехника институтининг филиалини очиш имкониятлари батафсил кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, «Ўзстандарт» агентлиги, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш Республика маркази билан музокаралар ўтказилди. Бунда Нанкинг политехника институти билан қўшма дастур, қўшма факультет ҳамда тўлақонли филиал ташкил этиш бўйича ишларни бошлаш юзасидан келишиб олинди.
Нанкинг политехника институти Ўзбекистондаги филиалида дарсларни инглиз ва хитой тилида ўтказишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда ўқийдиган талабаларни Нанкинг политехника институтига ўқишга юбориш, 2+2, 1+3, 3+1 форматида талабалар ўқишини ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказилди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаларини Нанкинг политехника институтида менежмент, рақамли бизнес, электрон тижорат йўналишларида ўқитишга қизиқиш билдирди.
Томонлар мулоқотни давом эттириш ва Ўзбекистон делегациясини Хитойга амалий ташриф буюришига келишиб олдилар.
Маълумот учун, Нанкинг политехника институти 1958 йилда ташкил этилган бўлиб, Хитой Халқ Республикаси Жиангсу провинциясининг пойтахти Нанкинг шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда олий ўқув юртида 10 мингдан зиёд талаба 40 дан зиёд мутахассислик бўйича тахсил олади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter