Тошкентда тарбиячи меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига куч ишлатди
Тошкент шаҳрида жойлашган 21-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига нисбатан куч ишлатилгани хабар қилинди. Бу ҳақда УзА хабар берди.
Жорий йил январь ойида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига Тошкент шаҳрида жойлашган 21-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган А. исмли болага Б. исмли (эркак) тарбиячиси куч ишлатиб, жисмоний тазйиқ ўтказаётгани ҳақида маълумот келиб тушган.
Қайд этилишича, бола ҳуқуқлари бўйича вакил ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказган. Тарбияланувчи А. билан суҳбат ўтказилганида, юқоридаги ҳолатларни тасдиқлаган. Унинг ўнг тирсак соҳаси лат еб, кўкаргани маълум бўлган.
Шунингдек, тарбияланувчининг сўзларига кўра, навбатчи тарбиячи юқоридаги ҳолат бўлишидан олдин ҳам бир неча маротаба унинг танасининг турли жойларига уриб тан жароҳати етказган. Бироқ, у қўрқув остида ушбу ҳолатлар ҳақида ҳеч кимга мурожаат қилмаган.
«Мониторинг жараёнида тарбияланувчининг танаси шифокорлар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг танасида кўкарган яралар борлиги, сўзларига кўра, бош қисмида ҳам оғриқ мавжудлиги аниқланди. Тарбияланувчи А. навбатчи ҳамширанинг олдига тушиб, ўнг кўлининг лат еб, кўкарган тирсак қисмига суртма дори сурдирганлик ҳолати «Амбулатор журнали»да қайд этилмагани ҳам маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ҳолатни ўрганиб, вояга етмаган шахсга нисбатан тан жароҳати етказилганлигига ҳуқуқий баҳо берилиши сўралди»,— дейилади хабарда.
Шу билан бирга, келгусида А.га нисбатан бўлиши мумкин бўлган турли хил тазйиқ ва бошқача таъсирларнинг олдини олиш мақсадида навбатчи тарбиячини меҳнат қонунчилигига мувофиқ вақтинчалик ишдан четлатиш масаласи кўриб чиқилиши учун Халқ таълими вазирлигига хат киритилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter