Тошкентда милтиқ билан ҳайвонларни отган шахс 15 суткага қамалди
Жорий йилнинг 4 февраль куни тасвирга олинган ва интернет тармоғида тарқалаётган видеода номаълум шахс уйидан чиқиб, милтиқ билан номаълум томон йўл олгани акс этган.
Кейинчалик, 12 февраль куни «Меҳр ва Оқибат» ННТ ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти вакиллари фуқаро М.Н.нинг аризасини Миробод тумани ИИО ФМБга етказишган. Унда аёл ўз қўшниси – Миробод туманида яшовчи 29 ёшли Иномжон А.га нисбатан пневматика милтиғидан мушук ва итларни отгани учун чора кўришни сўраган.
Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ушбу мурожаатни ўрганиб чиқишган.
Қайд этилишича, Иномжон А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси 1-қисми («Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш») бўйича баённома расмийлаштирилди. Ҳужжатлар судга йўналтирилди.
Миробод тумани маъмурий ишлар бўйича суди Иномжон А.ни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг юқорида қайд этилган моддалари бўйича айбдор деб топди ва унга нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ белгилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter