Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда Ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича МДҲ форуми ўтказилади

Тошкентда Ахборот хавфсизлигини таъминлаш  бўйича МДҲ форуми ўтказилади

Фото:«Regnum»

Тошкентда Ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро МДҲ эксперт форуми бўлиб ўтади. 29 июнь куни ўтказилиши режалаштирилган форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва МДҲ Ижроия қўмитаси кўмагида ташкил этилмоқда.

Гибрид форматда хорижий иштирокчиларни онлайн тарзда жалб қилган ҳолда ташкил этилаётган ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича мулоқот Ҳамдўстлик мамлакатларининг 50 дан зиёд етакчи экспертларини жамлаши кутилмоқда. Унда нафақат халқаро ташкилотлар ва МДҲ мамлакатлари етакчи таҳлилий марказларининг вакиллари, балки тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳам иштирок этади. МДҲ Ижрочи котиби Сергей Лебедев, МДҲнинг алоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси бош директори Нурудин Муҳиддинов, Ўзбекистон Бош вазири маслаҳатчиси Олимжон Умаров, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов тадбирда табрик нутқини сўзлайди.

Ушбу Форумни ўтказиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ҳамдўстлик давлат раҳбарларининг 2019 ва 2020 йиллардаги саммитларида илгари сурилган эди.

Форумнинг асосий мақсад ва вазифалари МДҲни янада ривожлантириш концепциясининг асосий йўналишларига мувофиқ белгиланган. Тадбир кун тартиби рақамли иқтисодиёт ривожланиши шароитида ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда жиноятларга қарши курашиш, ахборот инфратузилмаси объектларини техник ҳимоя қилиш ва кибержиноятларни тергов қилиш, ахборот маконида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш каби муҳим масалаларни муҳокама қилишни ўз ичига олган.

Мунозаралар якунлари бўйича Ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро МДҲ эксперт форумининг якуний ҳужжати қабул қилиниши кўзда тутилган. Мазкур ҳужжат Ҳамдўстлик доирасида ахборот хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини такомиллаштириш бўйича тавсияларни ўз ичига олади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг