Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда болалар мактабга онлайн қабул қилинади

Тошкентда болалар мактабга онлайн қабул қилинади

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда давлат хизматларини сифатини ва шаффофлигини ошириш мақсадида болаларни мактабга қабул қилиш жараёнини рақамли трансформацияси лойиҳасини амалга оширишни бошлади.

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар беришича, ушбу лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2018 йил сенябрь ойида қабул қилинган «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармони ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда. Ҳужжат асосида 2019 йил 1 мартдан бошлаб давлат умумтаълим муассасаларига болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш тартиби босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.

Халқ таълими соҳасида АКТни ривожлантириш марказида мактаб директорлари иштирокида оралиқ натижаларининг муҳокамаси бўлиб ўтди. Тадбир доирасида болаларни мактабга қабул жараёнининг янги модели тақдим этилди. Янги модель хизмат оммабоплилиги коррупцион омилларни камайтириш имкониятини яратади.

Учрашув давомида ота-оналар ва васийлар болаларни мактабга жойлаш жараёнида дуч келаётган қийинчиликлар муҳокама этилди. Асосий камчиликлардан бири бу қабул жараёнининг шаффоф эмаслигидир, яъни ота-оналарда жараён ҳақида, унинг муддатлари, керакли ҳужжатлар, микрохудудлар схемалари ҳақида маълумотлари йўқ. Баъзи қабул жараёнлари – суҳбат ёки тиббий маълумотнома – норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топмаган. Ота-оналар томонидан тақдим этилиши лозим бўлган аризани қисқа вақт топширилиши кераклиги ҳам саволлар уйғотади. Шу билан бирга тақдим этилиши керак бўлган ҳужжатлар сонини қисқартириш керак.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида лойиҳанинг ишчи гуруҳи амалдаги болаларни мактабга қабул қилиш жараёнини ва халқаро тажрибани ўрганди ҳамда ушбу хизматни кўрсатишнинг янги моделини ишлаб чиқди.

Мутахассислар ота-оналарни қабул жараёни ва унинг регламенти, микроҳудудларни белгилаш ва тасдиқлаш ҳуқуқини ҳудудий халқ таълим бошқармаларига ҳамда мактаб ёшидаги болаларни рўйхатга олишни эса маҳалла органларига топширишни таклиф этдилар. Маҳаллалар маълум бир микроҳудудларда яшовчи болалар сонини аниқлайдилар. Экспертлар норматив-ҳуқуқий база, ахборот тизимларини тайёрлаш ва болаларни мактабга қабул қилиш учун керак бўладиган ҳужжатларни йиғиш муддатларини қайта кўриб чиқиш таклифини бердилар.

Ишлаб чиқилган «Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул» маъмурий регламентига кўра, 2019 йилнинг 1 мартдан бошлаб давлат умумтаълим муассасаларига болаларни қабул қилиш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади. Биринчи босқичда янги қабул модели Тошкент шаҳридаги 81 мактабда жорий этилади. Кейинчалик янги механизм Тошкент ва мамлакатимизнинг барча вилоят мактабларида ҳам жорий этилади.

Болаларни мактабга қабул хизматини рақамлаштириш натижасида қабул учун амалга ошириш керак бўлган қадамлар олтитадан тўртта қадамгача қисқаради. Шу билан бирга тақдим этилиши керак бўлган ҳужжатлар камаяди. Хизмат аҳоли учун содда ва қулай бўлади. Лойиҳа амалга оширилиши тақдим этилаётган хизмат сифатини ва оммабоплигини, аҳолининг халқ таълими тизимига ишончининг ошишига, ҳамда коррупцион омилларни камайтиришга олиб келиши лозим.

Учрашув доирасида иштирокчилар пайдо бўлиши мумкин хавфлар ва чекловларни ҳамда болаларни мактабга қабулини такомиллаштириш бўйича лойиҳани амалга ошириш бўйича кейинги амалий қадамларни муҳокама этдилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг