Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мирзиёев: «Тошкентда «Ахборот технологиялари маданий меросни асраш хизматида» мавзусида Осиё форуми ўтказилади»

Мирзиёев: «Тошкентда «Ахборот технологиялари маданий меросни асраш хизматида» мавзусида Осиё форуми ўтказилади»

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида ушбу ташкилот бош директори Одри Азуле билан учрашди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

ЮНЕСКО бош директори Ўзбекистон президентининг ушбу ташкилот шафелигида тинчлик ва бағрикенглик маданиятини шакллантириш, экстремизмнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги халқаро институт ташкил этиш, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳузурида Таълимда ахборот-коммуникация технологиялари бўйича минтақавий марказ ҳамда Самарқанддаги Туризм халқаро университетида ЮНЕСКО кафедрасини тузиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистонда Марказий Осиё ёш олимлари минтақавий форумини ҳамда 2019 йилда Тошкентда "Ахборот технологиялари маданий меросни асраш хизматида" мавзусида Осиё форумини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Бош директор Ўзбекистоннинг бутун инсоният бойлиги бўлган маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш борасидаги сиёсатини юксак баҳолади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле Ўзбекистон билан ЮНЕСКО алоқаларини ривожлантиришга қаратилган 2021 йилгача ҳамкорлик дастурини имзоладилар.

Президент Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКОнинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзди.

БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти - ЮНЕСКО 1945 йил 16 ноябрда тузилган. Унинг асосий мақсади таълим, фан, маданият, коммуникациялар, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга кўмаклашишдир. Норасмий равишда “БМТнинг ақл лабораторияси” деб аталади. Жавоҳарлал Неру ўз вақтида ЮНЕСКОга “инсоният виждони” деб таъриф берган.

Бугунги кунда унга 195 та мамлакат аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон ташкилотга 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган.

Ўзбекистон ЮНЕСКО Ижроия кенгаши таркибига икки марта сайланган. Ушбу ташкилот билан биргаликда халқаро миқёсда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Фарғоний, Имом Бухорий, Камолиддин Беҳзод, қадимий шаҳарларимиз Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Самарқанд, Марғилон ва Тошкент, “Алпомиш” достони ва “Авесто” китоби, шунингдек, Хоразм Маъмун академиясининг юбилейлари кенг нишонланди. Бухоро шаҳри ташкилотнинг “Тинчлик тарафдори бўлган шаҳарлар” соврини билан тақдирланган.

Усмон Масҳафи ва Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган.

Хивадаги «Ичан қалъа» мажмуаси, маданиятлар чорраҳаси - Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабзнинг тарихий марказлари, шунингдек, Чотқол биосфераси ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Шошмақом, Бойсун маданий макони, Катта ашула, аския, ош, Наврўз, атлас ва адрас ишлаб чиқариш технологиялари ташкилотнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги ўзбек мусиқий маданиятини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва оммалаштиришга ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, ЮНЕСКО кўмагида Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда бир марта “Шарқ тароналари” халқаро фестивали ўтказиб келинмоқда. Жорий йил сентябрь ойида Шаҳрисабзда илк бор Халқаро мақом санъати форуми ўтказилди.

Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси таъсис этилди.

Ўзбекистон раҳбари ўтган йил сентябрь ойида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг