Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда 4 киши спиртли ичимликдан заҳарланиб вафот этди

Тошкентда 4 киши спиртли ичимликдан заҳарланиб вафот этди

Бир муддат олдин Тошкент шаҳридаги туманларнинг бирида яшовчи уч нафар эркак ва бир аёл спиртли ичимликдан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

«Дарё» нашрининг манбасига таяниб хабар беришича, 33 ёшли яна бир эркак комада қолмоқда. 

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 8 октябрь куни пойтахт туманларининг бирида яшовчи 36 ёшли эркак соғлиғидан шикоят қилиб, шифохонага ётқизилган. Ва спиртли ичимликдан заҳарланиши оқибатида шифохонада вафот этган.

Бундан ташқари 9 октябрь куни айнан шу туманда яшовчи икки нафар эркак ва бир аёл ҳам спиртли ичимликдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган. 44 ва 65 ёшли эркак, шунингдек, 56 ёшли аёл спиртли ичимлик истеъмол қилиб, соғлиги ёмонлашгани сабаб шифохонага олиб келинган ва кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан вафот этган.

Бош прокуратура мазкур ҳолатни тасдиқлаб, айни вақтда Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

«Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», – дейилади Бош прокуратура хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг