Тошкентда 21 ёшли қиз ўзини кўприкдан ташламоқчи бўлди
2021 йил 11 март кунидан 12 мартга ўтар кечаси тахминан соат 03:35 да Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Шайхонтоҳур тумани «Чақар» маҳалласи транспорт туннели устидаги кўприк устунида номаълум аёл ҳаётини хавф остига қўймоқчилиги ҳақида хабар келиб тушган.
Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизматининг UzNews.uz’га маълум қилишича, воқеа жойига Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори ва Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост хизмати ходимлари зудлик билан етиб боришган ва улар томонидан кўрилган чоралар натижасида мудҳиш ҳодисанинг олдини олишга эришилган.
21 ёшли Тошкент вилоятилик С.Х. хавфли жойдан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ 3-сон ички ишлар бўлимига ёрдам кўрсатиш учун етказилди ва шифокор томонидан кўрикдан ўтказилиб, унга психологик ёрдам кўрсатилди.
Ходимлар қизнинг онаси билан боғланиб, уни ҳодиса ҳақида хабардор қилишди. Ҳозирда қизнинг онаси у билан бирга.
Тошкент шаҳар ИИББ шунингдек, шаҳар аҳолисидан мазкур ҳолат ҳодиса иштирокчилари учун психологик жиҳатдан оғир бўлганлиги сабабидан уни ортиқча шарҳларсиз қабул қилишларини сўрамоқда.
«Умид қиламизки, пойтахтда яшовчи ҳар бир фуқаро хавфли ҳолат гувоҳи бўлганида тезда ички ишлар органларига хабар етказади», дейди ИИББ Матбуот химати.
«Uznews.uz» ахборот агентлиги
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter