Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент вилоятининг бир қатор туман ва шаҳарларининг чегаралари ўзгартирилди

Тошкент вилоятининг бир қатор туман ва шаҳарларининг чегаралари ўзгартирилди

Фото: Сенат матбуот хизмати

Сенат аъзолари Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Оҳангарон, Бекобод, Бўстонлиқ, Бўка, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Қибрай, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл туманлари ва Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл, Бекобод шаҳарлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани муҳокама қилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда Тошкент вилоятининг бир қанча туман ва шаҳарлари, жумладан, вилоятнинг Ангрен ва Бекобод шаҳарлари ҳамда Қибрай ва Пискент туманлари бошқа туман ва шаҳарларда жойлашган «анклав» ҳудудларга эга. Бу ҳолатлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашнинг самарали ташкил этилиши, аҳолининг ижтимоий таъминоти ва давлат органлари билан ўзаро муносабатларини амалга ошириши, вояга етмаганларнинг таълим жараёнини назорат қилиш ҳамда уларни туман (шаҳар) даражасидаги оммавий тадбирларга жалб қилиш ва бошқа жараёнларда муаммоларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Биргина мисол, Бекобод туманида жойлашган Истиқбол маҳалласи фуқаролари, Бекобод шаҳар Янги ҳаёт маҳалла ҳудудида жойлашган мактабда таълим олишади, даволаниш учун Бекобод шаҳрида жойлашган марказий шифохонага боришади, шунингдек, барча коммунал йўналишдаги хизматларни шаҳар ташкилотлари кўрсатади.

Бундан ташқари, Ангрен шаҳридаги «Красногорск» қўрғонида фуқароларига коммунал хизмат кўрсатиш, хусусан, электр таъминоти, ичимлик суви, газ таъминоти ҳамда банк хизматлари Паркент тумани томонидан амалга оширилади. «Красногорск» қўрғони фуқаролари даволаниш учун ҳам Паркент туманида жойлашган марказий шифохонага қатнайди.

Бу эса, ушбу ҳудудлар аҳолиси ҳаётида турли қийинчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан Тошкент вилоятининг юқорида қайд этилган туман ва шаҳарлари чегараларини ўзгартириш таклифи илгари сурилмоқда. Жами ўзгартирилаётган туман ва шаҳарлар чегараларининг ер майдони 17 359,1 гектар бўлиб, шундан 10 084,8 гектари қишлоқ хўжалиги ерларидир.

Натижада Тошкент вилояти маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини тартибга солиш анклав ҳудудларни тугатиш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимликлари органлари томонидан ҳудуд бошқарувини янада соддалаштиришга, қолаверса, маъмурий-ҳудудий бирликларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантирилишига олиб келади.

Шунингдек, Тошкент вилояти шаҳарларини 2021–2030 йилларда ривожлантириш учун зарур бўлган ҳудудларни белгилаш, ушбу даврда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги турар-жой массивларини барпо этиш орқали шаҳарларнинг ўсиб бораётган аҳолиси эҳтиёжларини қаноатлантиришга хизмат қилади.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ чегаралари ўзгарадиган ҳудудлар рўйхати келтирилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг