Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент туманидаги имом-хатиб тарқалган аудио сабаб ишдан олинди

Тошкент туманидаги имом-хатиб тарқалган аудио сабаб ишдан олинди

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент туманидаги «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган араб тили курсидаги хатти-ҳаракатлари учун ишдан олинди.

Ижтимоий тармоқларда «Келесдаги масжид имоми Авазхўжа Баҳромов араб тилини ўрганаётган 16 ёшли қизчалар билан қандай гаплашмоқда?» номли аудио ёзув тарқалди.

Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур аудио бўйича Мусулмонлар идораси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти Тошкент туманидаги «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромовнинг араб тили курсидаги хатти-ҳаракатлари 28 январь куни Мусулмонлар идораси Ички назорат комиссияси йиғилишида кўриб чиқилган.

«Йиғилишда имом-хатибнинг мазкур ҳолати имомлик мақомига мутлақо тўғри келмаслигига алоҳида урғу қаратилди. Айниқса, ички меъёрий ҳужжатларда белгиланган «фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатни намойиш қилиш» ва «ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриш» деган бандларнинг А.Баҳромов томонидан қўпол равишда бузилиши, деб баҳоланди. Шунингдек, А.Баҳромов араб тили ўқув курсларида дарс бериши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасини белгиланган тартибда хабардор этмагани ҳам алоҳида қайд этилди», — дейилади ахборотда.

Мусулмонлар идораси диний соҳа ходимларининг жамиятда ўзини тутиши, одамлар билан муносабатда намуна кўрсатиши, имомлик мақомига муносиб бўлиши борасида мунтазам тушунтириш ишларини олиб боради. Шунингдек, идора томонидан аввал ижрога йўналтирилган норматив ҳужжатларда ҳам имом-хатиб тасдиқланган меъёрий ҳужжатларга амал қилиши ва меҳнат мажбуриятларига риоя этиши қатъий белгилаб қўйилган.

«Афсуски, Авазхўжа Баҳромов мазкур хатти-ҳаракати билан меъёрий ҳужжатлар талабларини қўпол равишда бузиб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мазкур йўналишдаги буйруқлари, ички тартиб-қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларига риоя этмагани маълум бўлди», — таъкидланади баёнотда.

Ички назорат комиссияси Авазхўжа Баҳромовни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида хулоса қилган.

«Айни кунларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Авазхўжа Баҳромовнинг мазкур хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан иш олиб бораётганини маълум қиламиз», — қўшимча қилинади ахборотда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг