Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент шаҳрида иккита янги МТТ очилди (фото)

Тошкент шаҳрида иккита янги МТТ очилди (фото)

Фото: МТВ матбуот хизмати

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида иккита давлат мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мактабгача таълим ташкилотларининг умумий қуввати 840 нафар болаларни ташкил этади.

Янги мактабгача таълим ташкилотлари Сергели туманининг Қумариқ турар жой мавзесида ва 5А даҳасида жойлашган. Улар мебель, ривожлантирувчи ўйин ва ўйинчоқлар билан жиҳозланган.

Янги мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ) орқали Сергели туманида мактабгача таълим билан қамраб олиш ҳажми 83 фоиздан 89 фоизгача оширилади ва 100 киши учун қўшимча иш жойлари яратилади. 

«Сўнгги йилларда Сергели тумани жадал ривожланиб бормоқда, янги қурилган уйларга яшовчилар кўчиб кирмоқда ва тегишлича, таълим муассасаларига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Бир йўла иккита МТТ очилиши яна 600 нафар болалар сифатли мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўлишини англатади. Шунингдек, қисқа муддатли гуруҳлар очилиб, уларга 240 нафар болалар қабул қилинади.

Янги мактабгача таълим ташкилотлари қурилишида стандарт лойиҳалардан воз кечилган ҳолда ноодатий дизайн ва замонавий ечимлардан фойдаланилди. Ҳар бир деталь устида пухта ўйлаб чиқиш орқали биз болаларимиз учун мумкин қадар қулай ўқув-ўйин муҳитини яратиб бермоқдамиз» — дейди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Таълим муҳити Корея Республикасининг модели негизида лойиҳалаштирилди. Шу тариқа, йирик жавонлар ўрнига мобил модуллар ўрнатилди. Улар майдонни ўзгартириш ва уни турли машғулотларга мослаштириш имконини беради. Ўйин ва ўқув қуроллари болалар бўйи етадиган жойда жойлашган бўлиб, ўйинларнинг аксарияти бармоқларнинг майда моторикасини ривожлантириш учун мўлжалланган. Гуруҳлар ва коридорларда нутқ ва ёзиш, билимни ривожлантириш, ижод, қурилиш, конструкциялаш ва математика, сюжет ўйинлари, кутубхона каби кўплаб ривожлантириш марказлари жойлашган. Болаларнинг ўзи кўнглига ёққан машғулотни танлайди, педагог эса ўйин ва ўқиш учун зарур бўлган материалларни аниқлайди ва қийинчилик юзага келган ҳолда уларга ёрдам беради.

Давлатимиз раҳбарининг бешта ташаббусини амалга ошириш доирасида соғломлаштириш ва бадиий машғулотларга алоҳида эътибор қаратилмоқда: анъанавий мусиқа ва рақслардан ташқари болалар спорт билан шуғулланиши, ўйин шаклида чет тилларини ўрганиши ҳамда бошқа ривожлантирувчи тўгарак ва секцияларга қатнаши мумкин бўлади.

Ушбу мактабгача таълим ташкилотларига қатнаш учун бир ойлик тўлов бир бола учун 186 минг сўмни, икки нафар болалар учун — 132 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, қонунчиликка мувофиқ, тарбияланувчилар умумий сонининг 15 фоизи МТТга бепул қатнаши мумкин бўлади. Ушбу имтиёз кам таъминланган оилалардаги болаларга нисбатан тақдим этилади.

Янги мактабгача таълим ташкилотлари бўйича маълумотнома:

42-сонли МТТ

Жойлашган жойи: Сергели тумани, Қумариқ турар жой мавзеси

Қуввати: тўлиқ кун гуруҳларида 210 нафар бола, қисқа муддатли гуруҳларда 120 нафар бола

Гуруҳлар сони: 7 та тўлиқ кун гуруҳи, икки сменада куни қисқартирилган 2 та гуруҳ

Ходимлар: 28 нафар педагог, 14 нафар ёрдамчи ходим

44-сонли МТТ

Жойлашган жойи: Сергели тумани, 5А даҳаси

Қуввати: тўлиқ кун гуруҳларида 390 нафар бола, қисқа муддатли гуруҳларда 120 нафар бола

Гуруҳлар сони: 13 та тўлиқ кун гуруҳи, икки сменада куни қисқартирилган 2 та гуруҳ

Ходимлар: 41 нафар педагог, 18 нафар ёрдамчи ходим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг