Тўрткўлдаги сув тошқини бўйича жиноят иши қўзғатилди
Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида каналда сув босими ортиши оқибатида уйларни сув босгани хабар бергандик.
Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси бош прокуратураси расмий маълумот берди:
«Жорий йилнинг 24 февраль куни тунги соат 03:00 ларда Тўрткўл тумани, «Калтаминор» ОФЙ ҳудудидан ўтувчи «Калтаминор-1» каналининг ўнг қирғоғида сувнинг кўтарилиши ҳисобига кенглиги 5 м, чуқурлиги 1,78 м бўлган сув тошиб чиқиши ҳодисаси содир бўлган.
Тошқин натижасида шу ҳудудда яшовчи 7 нафар фуқаронинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжалик иншоотларига зарар етган. Сув тошқини жараёнида жароҳатланган фуқаролар бўлмаган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан шу куни соат 07:00 га қадар сув тошқини бартараф этилиб, тўпланиб қолган сувдан ҳовли ер майдонлари тозаланган.
Шу куннинг ўзида ҳодиса жойига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши, Вазирлар Кенгаши ҳамда республика прокуратураси масъуллари етиб бориб, вазият жойида ўрганилиб, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳудудий сектор раҳбарлари ҳамда бошқа масъулларга тегишли топшириқлар берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Тўрткўл туман прокуратураси томонидан «Пахта Арна Найман» ирригация тармоқлари бошқармаси ва Тўрткўл туман Ирригация бўлими мансабдор шахслари ҳамда бошқаларга нисбатан ЖКнинг 203, 207 ва 229-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида фуқароларга етказилган зарарни аниқлаш юзасидан экспертиза тайинланган.
Ҳозирда ҳодиса юз беришига сабабчи бўлган айбдорларни аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter