Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўққиз ёшли ўқитувчи (видео)

Ўзи тенги ва ҳатто катта болаларга дарс ўтаётган бу қизалоқнинг исми Сабрия. У қўшиш, айириш, кўпайтириш ва бўлиш амалларини бир неча сонияда хотирада ечишни ўқувчиларига ўргатмоқда.

Сабрия 2 йил давомида ментал арифметика бўйича Андижон шаҳридаги ўқув марказида таҳсил олди. Курсни муваффақиятли тамомлаган иқтидорли қизалоқ 9 ёшида мамлакатимиздаги энг ёш ўқитувчига айланди.

Ментал арифметика — юқори сифатли дастур бўлиб, математик амални мияда калкулятордан ҳам тезроқ ҳисоблашни ўргатади. Ушбу дастур ёрдамида болалар нафақат ўқишда муваффақиятга эришадилар, балки мақсадга интилувчан бўладилар. Худди Сабрия каби.

Қизалоқнинг ақл-идроки ҳар томонлама ривожланганини кўрган яқинлари Сабрия маҳалла болаларига ментал арифметикани ўқитса қандай бўларкин?, деган ташаббус билан чиқишди. Маҳалла-кўй, Сабриянинг устозлари бу ташаббусни қўллаб-қувватладилар. Мана, бир йилдирки, Сабрия Баҳодирова маҳалладошларига ўқитувчилик қилиб келяпти.

Ҳозир Сабриянинг 33 нафар ўқувчиси бор. Аҳамиятлиси, улар ментал арифметика бўйича мусобақаларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишга ҳам улгурдилар. Сабриянинг ўзи эса яқинда Тошкентда бўлиб ўтган жаҳон олимпиадасида олий ўринни қўлга киритди.

Сабрия янги ўқув йилида 3-синфга боради. Жажжи устоз ҳозирданоқ ўқувчиларига ҳар томонлама ўрнак бўляпти, орзулари эса бир олам.

Муаззам Собиржон қизи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг