Томорқадан самарали фойдаланмаганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Бугун, 13 апрель куни Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг «Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қўшма қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур Қўшма қарор билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Аҳолига ўз томорқасидан самарали фойдаланишда ҳар томонлама ёрдам берилишига кўмаклашиш мақсадида парламент аъзоларидан иборат Ишчи гуруҳи тузилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгилаб олинди.
Эндиликда ҳудудлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги шароити оғир бўлган туманларда экинлар экилиши аҳволини ҳар ойда депутатлар ва сенаторлар томонидан ўрганилади, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрилади.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағидан мақсадли фойдаланишни ташкил этишга кўмаклашилади. Шу мақсадда Ишчи гуруҳ томонидан Жамғарма маблағларидан жойларда қандай фойдаланилаётгани доимий ўрганиб борилади ва шу юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари шахсий манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириш борасидаги ишлар юзасидан тегишли вазирлик, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида ҳисоботини эшитиш амалиётини йўлга қўйилади.
Қолаверса, кам таъминланган ва қаровчиси йўқ оилаларга илғор фермерлар бириктирилиб, уларга томорқа ерларига ишлов бериш, экин экиш ва парваришлаш бўйича ёрдамлашилади. Шу жараёнларнинг барчаси депутатлик томонидан назорат қилиб борилади. Ердан самарали фойдаланаётган томорқа ер эгаларини рағбатлантириш ҳам кўзда тутилган бўлиб, бу амалда ўз натижасини бериши, шубҳасиз.
Шунингдек, хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланмаганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Шу мақсадда бир ой муддатда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланишни тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатлари инвентаризациядан ўтказилиб, таклифлар тайёрланади. Ушбу соҳага доир қонун ҳужжатлари лойиҳалари ишлаб чиқилади.
Масаланинг долзарблигидан келиб чиқиб, ҳар чоракда мутасадди вазирлик ва идораларнинг деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳамда маҳсулот ишлаб чиқаришни ошириш бўйича олиб бораётган ишлари юзасидан ахборотлари эшитиб борилиб, ҳудудларда мунтазам муҳокамалар ўтказилади.
Парламент палаталари Кенгашларининг ушбу Қўшма қарори аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилаш, уларнинг банлигини таъминлаш, томорқаларда етиштирилган арзон, сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини ички ва ташқи бозорга етказиб беришда муҳим аҳамият касб этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter