Тожикистон жанубидаги қор кўчкисида 8 киши ҳалок бўлди
Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти маркази бўлган Хоруғ шаҳрида содир бўлган қор кўчкисида маҳаллий аҳолидан 8 нафар, жумладан, 4 ёшли ўғил ва бир қиз, шунингдек, 4 нафар аёл ҳалок бўлди. Шунингдек, ҳозирда шахси аниқланмаган икки нафар эркак ҳам қор тагида қолиб вафот этган.
«15 феврал куни соат 14:00 ҳолатига кўра, қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракати билан тўққиз нафар маҳаллий аҳоли қор кўчкиси остидан қутқариб олинди», – дейди мамлакат Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот котиби Умеда Юсуфий.
Унинг сўзларига кўра, Хоруғ шаҳрида қор кўчкиси оқибатида 22 та турар-жой биноси вайрон бўлган.
Бундан ташқари, Юсуфий Ванж туманида ҳам қор кўчкиси тушганини, унда ҳам бир нафар шахс ҳалок бўлганини маълум қилди. Яна бир ҳолатда эса Душанбе-Хўжанд йўлида – Душанбе-Варзоб автомобил йўлининг 65,8 километрида содир бўлган қор кўчкиси остида тўртта автомобиль қолган ва улардан бирининг ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлган.
Маълум қилинишича, ҳозирда вилоятнинг Рушон ва Шуғнон туманларида қор кўчкилари туфайли Душанбе-Хороғ-Мурғоб ҳамда Душанбе-Хўжанд автомобил йўли ёпилиб қолган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter