Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тинчлик – ҳар куни қуриладиган қадрият

Тинчлик – ҳар куни қуриладиган қадрият

© Google

Инсоният тарихида урушларданда оғир ва аламли воқеа бўлмаган. Миллат тақдири, юрт тақдири, инсон тақдири — барчаси урушнинг оғриғига ботган. Миллионлаб инсонлар ўз юртларини ҳимоя қилиш йўлида жонини фидо қилган, модомики биз тинч ҳаётда яшаяпмиз, бу — ана ўша жасур фидойиларнинг қаҳрамонлиги ва қурбонликларидир.

Ҳар йили 9 май куни келар экан, осмонда қуёш бир оз бошқача нур сочади, юраклар бир оз бошқача уради. Бу кун — фақат тарих эмас, бугунни англаш куни ҳамдир. Бу сана — фақат ўтмишни эмас, эртанинг масъулиятини ҳам ёдга солувчи муқаддас ойна, миллат хотирасининг тирик рамзидир. “Хотира тирик экан, миллатнинг руҳи соғлом. Хотира сўнса, вужуд ғамга ботади.” Дарҳақиқат шундай. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган миллионлаб аскарлар — бугунги тинчлигимиз пойдеворига қон, кўз ёши ва жасорат билан муҳр урган қаҳрамонлардир. Уларнинг ҳаёти — ҳар бир эркин нафасимизда, ҳар бир мусаффо саҳаримизда яшаб турибди. Улар нафақат ўлдилар, балки эркинликни бизга мерос қилиб қолдирдилар. Уларни унутиш — ватанни унутишдир.

Уруш на фақат қурол, балки қалб синовидир. Иккинчи жаҳон уруши — инсоният тарихидаги энг қонли ва вайронкор урушлардан бири. Бу урушда Ўзбекистондан 500 мингдан ортиқ йигитлар жанг майдонига йўл олган. Улар нафақат ўз ватанини, балки бутун инсониятнинг тинчлиги учун жанг қилдилар. Уларнинг кўпчилиги орқага қайтмади. Аммо руҳлари қайтди. Хотиралари қайтди. Уларнинг жасорати ҳар бир ҳур боланинг қонида юради.

Бу уруш бизга нимани ўргатди?

Уруш ўлимнинг қанчалик арзон, тинчликнинг қанчалик қиммат эканини ўргатди. Уруш инсон руҳиятини, миллий бирликни ва мустаҳкам иродани синовдан ўтказди. Ва биз — тинч осмон остида юрган авлод — ана шу синовдан ўтганлардан ибрат олишга бурчлимиз. “Урушда қурол енгмайди, жасорат ва юрак енгади.”дейдилар, бу айни ҳақиқат. Айнан юрти учун фидо бўлганларнинг хотирасининг тарихга муҳрланиши улар жасоратига қўйилган ҳайкалдек!

Бугунги кун — гуллар қўйиш, ҳайкаллар олдида суратга тушиш куни эмас, балки руҳий зиёрат кунидир. Бугун ҳар бир фарзанд ота-боболари қандай ҳаёт кечирганини билиши, унутмаслиги, севиши ва қадрлаши керак. Чунки: “Ўтмишни билмаган одам — худди шохсиз дарахт кабидир.”

Миллий хотирамиз — миллий истиқлолимизнинг қалқонидир. Жаҳонда тинчлик осонлик билан яратилган эмас. У эркаклар жасорати, аёллар сабри, болаларнинг етим кўз ёши билан бунёд этилган. Бугун ҳар бир мактаб, ҳар бир уй, ҳар бир гўдак кулиши — ана шу қурбонликлар самарасидир.

Дунёда хар бир миллатнинг ўзига хос қадриятлари бор аммо барчага бирдек тотли қадрият борки унинг номи Тинчлик! Тинчлик – ҳар куни қуриладиган қадрият. Бугунги тинч ҳаёт ўз-ўзидан яратилмаган. Уни ҳар куни ҳимоя қилиш, ҳар куни англаш ва сақлаш керак. Зеро:

Ёшлар тинчликнинг ҳақиқий қадрини қийматини билишлари керак. Уларнинг дилида “Ватан учун хизмат қилиш” ғояси бор бўлса, қалбида қурол эмас, қалам билан курашиш кучига эга бўлсалар, ана шунда келажак нурли бўлади. Биз тинчликни қурол билан эмас, тафаккур, маърифат, ахлоқ ва миллий бирлик билан сақлаймиз. “Ҳақиқий юрак — тинчликни гўзал сўз ва эзгу амал билан ҳимоя қилади.” Бугунги ёш авлод — кечаги жасоратнинг меваси, эртанги Ватаннинг  қимматбаҳо гавҳарларидир.  Уларга жанг майдонларида ёзилган тарихни уқтирмасак, келажакни қуришлари қийин бўлади.

Ҳар бир ота-она фарзандига “сен бу тинчликнинг  қийматини  бил” деб  тарбиялаши   ҳар бир устоз “сен элнинг шаънисан” деб  таълим бермоғи жоиз. 

Шунинг учун ҳар биримиз ушбу кунда  бугунги гўзал кунлар учун жонларини тикиб қурбон бўлган боболаримизни на фақат дуо қилайлик, балки ўйлаб кўрайлик, мулоҳаза юритайлик.  Биз тинчлик учун нималар қиляпмиз? Биз фарзандларимизга қандай ватансеварликни уқтиряпмиз? Биз тарихдан қандай сабоқ олдик?

“Хотира сўнса — миллат сояга айланади. Хотира тирик экан — миллат яшнайди.” Урушда ҳалок бўлган минглаб аскарларнинг жасорати, ватан учун тўккан қони, орзу-умидлари ҳеч қачон унутилмасин. Улар биз учун яшади, биз эса улар учун маънан яшашни давом эттирайлик. Хотирасини улуғлаб, тинчликни асраш — энг олий бурчимиздир!

Махфуза Юлдашева,

сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент,

Маърифат тарғиботчилар жамияти аъзоси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг