Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тинч инқилоб». Туркияда муҳим тадбир бошланди (фото)

«Тинч инқилоб». Туркияда муҳим тадбир бошланди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

28 апрель куни Истанбул шаҳридаги Отатурк халқаро аэропорти ҳудудида Авиация ва фазовий технологиялар фестивали – TEKNOFEST расман иш бошлади. Еттинчи марта ташкил этилаётган тадбирнинг очилиш маросимида Baykar Teknoloji ширкати техник директори, TEKNOFEST бошқарув кенгаши раиси Салжуқ Байрактар нутқ сўзлади, деб хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири.

«Технологик кашфиётлар инсониятга манфаат келтирсагина салмоқли маъно-мазмун касб этади. TEKNOFEST доирасида зилзила ва бошқа табиий офатларнинг олдини олиш бўйича технологик ечимлар бера оладиган иқтидорли ёшлар кашф этилишига ва ушбу лойиҳа келажагимиз янада хавфсиз бўлмоғига ҳисса қўшишига ишонаман. TEKNOFEST бу – зеҳниятларда бошланган тинч инқилоб демакдир. Унинг долғалари йил сайин шиддатли бўлмоқда», – деди С.Байрактар.

Фестиваль илк бор ташкил этилган 2018 йилда 20 минг киши қатнашиш учун ариза берган бўлса, жорий йил бу кўрсаткич бир миллиондан ортди.

«Ўтган йили сарҳад ошиб, TEKNOFEST’ни қардош ва жондош Озарбайжонда ташкил этдик. Умид қиламанки, орзуларимиз янада юксалиб, фестивални бошқа қардош ва дўст ўлкаларда ҳам ўтказамиз», – деди нотиқ.

Таъкидланишича, TEKNOFEST каби йирик тадбирларнинг ўтказилиши турклар ва туркий халқларнинг ўтмишда бўлгани каби жаҳон тамаддунидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга қаратилгандир.

С.Байрактарга кўра, мўъжаз жамоанинг учувчисиз парвоз қилувчи кичик қурилмалар яратиш йўлидаги илк уринишлари вақт ўтиб умуммиллий аҳамиятга эга улкан лойиҳага айланди. Шу тариқа «дунёда урушлар тарихини ўзгартирган» Bayraktar TB2 учоқлари яратилди.

«TEKNOFEST – «Энг яхшисини биз яратамиз» деган орзунинг шунчаки сўзда ифодаламоқ эмас, балки амалда исботламоқ учун майдондир. Шу боис ҳам фестивалнинг йил сайин кенгайиши танлов эмас, зарурият саналади», – дея хулоса ясади Baykar Teknoloji ширкати директори.

Авиация ва фазовий технологиялар фестивали 2018 йилдан буён T3 жамғармаси ҳамда Туркия саноат ва технологиялари вазирлиги томонидан ташкил этилмоқда. Фестиваль доирасида технологик танловлар, инновацион лойиҳалар тақдимоти, илмий мавзуларда мунозара-мулоқотлар, шунингдек, авиашоулар ўтказилади.

TEKNOFEST ёш иқтидор эгаларига технология йўналишидаги лойиҳаларини амалга ошириш имконини ҳам беради. Нуфузли тадбирдан кўзланган мақсад Туркиянинг технология соҳасида эришаётган ютуқларини халқаро ҳамда маҳаллий жамоатчиликка етказиш, ёшларнинг илм-фанга бўлган қизиқишини оширишдан иборатдир.

Сўнгги йилларда Baykar Teknoloji ширкати ишлаб чиқарган Bayraktar русумли дронлар мудофаа бозорида харидоргир бўлиб бормоқда. Анқара ҳозирга қадар мазкур қурилмаларни Украина, Қатар, Туркманистон, Озарбайжон, Қирғизистон каби давлатларга етказиб берган. Туркия ўз тарихида илк бор Европа Иттифоқига ҳам учувчисиз қурилмаларини сота бошлади.

https://xabar.uz/xorij/turkiyaning-dostlarda-hayrat

Аввалроқ Baykar Teknoloji ширкати ишлаб чиқарган товушдан тез парвоз қилувчи Kızılelma учоғи бешинчи авлод авиациясида пешқадам бўлиши, ҳатто АҚШнинг F-35 учоғини ҳам ортда қолдириши ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Салжуқ Байрактар 2022 йил июнь ойида Бухоро шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форумида қатнашиб, ишбилармонлик ва медиа йўналишида маҳорат дарси ўтган эди. Юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар номини эҳтиром билан ёдга олган таниқли тадбиркор туркий дунё янги юзйилликда муносиб даражага кўтарилишига ишонч билдирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг