«Тепағон» келин
Ҳайдарқул мол-ҳолни йиғиштиргач, чойини ичиб, энди чойхонага – чоллар ёнига бормоқчи бўлди-ю, дарров фикридан қайтди. Ҳозир борганимдан Шермат бува келинимдан гап очади. «Бу дейман, Ҳайдарқул, ўғлингга олаётган келининг Осиё чемпиони эмиш, тағин кампирингни тепиб, оғзини қийшиқ қилиб қўймасин» дейди. Бошқа чоллар ҳам «хо-хо»лашиб, жиғимга тегади. Кейин меники «тутиб», этагимни қоқиб, қайтиб келаман. Ундан кўра бормаганим яхши дея ўйлади. Лекин ўша чолларни кўрмаса, бир зум ҳам тура олмайди. Ўшаларга боғланиб қолган. Қишлоқда нима бўлаяпти, ким ўғил уйлаяпти, ким қиз чиқараяпти, ҳаммасини билишади бу чоллар.
Айниқса, Ҳайдарқулнинг ўғли Анварқул қўшни қишлоқдаги Дўстмамат муаллимнинг қизи Санам билан кўнгил беришганини, Санам таэквондо бўйича Осиё чемпиони эканлигини ҳам ипидан-игнасигача билади-ей, қойил қоласиз. Қодир бува дегани балонинг ўзи. Ҳатто ўша Санамнинг финалда арабистонлик қизни тепиб, гиламдан чиқариб юборганини ҳам гапириб юради. Нима керак экан шу чолларга бу гаплар? Ундан кўра аччиққина кўк чойни ичиб юраверса бўлмайдими?
Ҳайдарқул тарс этиб ёрилиб кетаётгандек. Чойхонага бормаса бўлмайди. Қишлоқда нима гап экан? Ким-ким билан аразлашди, кимнинг сигири туғди ёки ким тўй қилаяпти, шуларни эшитмаса, худди бир жойи камдек бўлаверади. Кампирининг ҳай-ҳайлашига қарамасдан чойхонага йўл олди. Чоллар аллақачон келишган, уни кўриб, даврада қаттиқ кулги кўтарилди.
— Ҳайдарқул, эшитдингми, бўлажак келининг қўшни қишлоқдаги барча безори йигитларнинг додини берган эмиш, — деди чоллардан бири. – Аслида жанжал йигитларнинг ўзидан чиққан экан.
— Бу дейман, ичингдан зил кетаяпти-я, ўғлинг шуни оламан деб турганидан кейин иложинг қанча. Келин келди ҳам дейлик, кейин у спортчи бўлса, кампирингнинг қўлидан ишини олармикан? – тағин эски гапни қўзғади Шермат бува. – Шунисига ҳайронман-да. Осиёда энг кучли спортчи бўлса, бир қўл силкиб, қайнонасини ерга қулатса-я. Йўқ, Ҳайдарқул, бу фикрингдан қайт. Ўғлинг оламан деса қишлоғимизда ҳам қизлар кўп.
— Намунча менга ёпишиб олдиларинг? — Ҳайдарқулнинг жаҳли чиқди. – Ўғлим шу қизни оламан дедими, гап тамом. Шу қизни келин қиламан. Буёғини бизга қўйиб беринг, кампирим таёқ ейдими, менми, ўғлимми, буни вақт кўрсатади. Кейин Дўстмамат муаллим ҳам, хотини ҳам жуда яхши одамлар. Қизи Санам ҳам одабли, ахлоқли қиз. Полвонлиги бор. Бу яхши-ку. Набирамиз ҳам полвон бўлади. Ундан кўра келгуси ҳафта ҳаммаларинг тўйга боринглар, биргаликда бир яйраймиз.
— Барибир кўнглим хижил, — деди Шермат бува. – Ишқилиб охири бахайр бўлсин-да. Нима бўлганда ҳам сенга сабр-тоқат берсин, Ҳайдарқул.
— Э, боринг-ей, — Ҳайдарқул қўлидаги совуб қолган чойни ҳўплаб, пиёлани чаппа қилиб дастурхонга қўйди-да юзига фотиҳа тортди. – Майли, мен борай, тўйда кўришамиз.
Тўйдан бир-икки ойлар ўтгач, ўша Шермат бува башорат қилган воқеа рўй берди. Ҳамманинг оғзида Ҳайдарқулнинг келини – Санам. У осмонга чўпчиб тепган эмиш, ҳам қўли, ҳам оёғи чаққон экан, бир зарб билан ерга қулатибди деган гаплар болалаб кетди.
Аслида воқеа бундай бўлибди. Санам дўкондан ул-бул харид қилиб уйга қайтаётса, Шермат буванинг ўғли ширакайф ҳолда унга гап отибди. Кейин йўлини тўсиб, «ҳунарингни менга ҳам кўрсат-чи, ўзинг бир қилтириқ бўлсанг, қандай қилиб Осиё чемпиони бўлдинг?» деб унинг жаҳлини чиқарибди. Санам эса «йўлимдан қочинг, эркак кишисиз, бировнинг хотинининг йўлини тўсишга уялмайсизми?» дебди. Шунда ҳам у йўлдан қочмабди. Санам осмонга бир сакраб, шундай зарба берибдики, Шермат буванинг ўғли Эргаш ерга юзтубан йиқилибди, кейин ўрнидан туриб Санам томонга югурган экан, иккинчи зарба уни адои тамом қилибди. Ҳушидан кетибди. Қодир буванинг ўғли эса шеригининг аҳволини кўриб, қочиб қолибди.
Бу воқеадан кейин Шермат буванинг ҳам сўзлари мулойим бўлиб қолди. Лекин даракчи чолларнинг оғзи тингани йўқ. Улар яна бир янгилик ҳақида гапиришаяпти. Эмишки, қишлоқдаги хотинлар Санамдан таэквондони ўрганаётган эмиш. Энди эрларга қийин бўлади-да дейишаяпти чоллар хавотирланиб.
Фахриддин Бозоров
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter