Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тенгликдан кенгликка. Лойиҳа доирасида эришилган икки асосий натижа очиқланди

Тенгликдан кенгликка. Лойиҳа доирасида эришилган икки асосий натижа очиқланди

Тошкентда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилган «Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш» (EQUAL) лойиҳасининг якуний анжумани ўтказилди.

Тадбирда юртимизга ташриф буюрган Европа Комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича бош директоратининг Инсон тараққиёти, миграция, бошқарув ва тинчлик бошқармаси директори Эрика Герретсен қатнашди. Европалик юқори мартабали меҳмонни куни кеча Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳам қабул қилганди.

2021 йилда бошланган EQUAL лойиҳасининг асосий мақсади – фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий заиф гуруҳларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишдан иборатдир.

Анжуманда қайд этилишича, лойиҳа доирасида икки муҳим натижага эришилди: Ўзбекистон фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, камситишларга мойил бўлган заиф гуруҳлар ҳуқуқ ҳамда механизмлардан фойдаланиши учун зарур билим ва тажриба орттирилди; фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда халқаро ҳуқуқ янада самарали татбиқ этилди.

Халқаро юристлар комиссияси, «Юксалиш» ҳаракати ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси томонидан ташкил этилган тадбирда халқаро ҳуқуқни қўллаш бўйича бу каби лойиҳаларни давом эттириш, эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмаслик, янги механизмларни ишлаб чиқиш таклифлари илгари сурилди.

«Юксалиш» ҳаракатига кўра, EQUAL лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда БМТ шартномаларининг бажарилишини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш, Ўзбекистонда аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг самарали чоралари, бадиий ижод эркинлиги ва бошқа маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мавзуларида жамоатчилик муҳокамалари ва халқаро конференциялар ўтказилган.

Аввал хабар берганимиздек, ЕИ Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 3,5 миллион евролик грант ажратган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг