Темур Кападзе Луис Суареснинг Ўзбекистон билан ўйинда кўрсатган қилиғи ҳақида сўзлаб берди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Уругвайга қарши ўтказилган ўртоқлик ўйини ҳақида «Sports.uz» сайтига интервью берди.
«У ерга асосий таркиб билан бормаганимиз уругвайликларда эътироз уйғотмади. Менимча, улар бизнинг асосий таркиб билан келмаганимизни билишмади ҳам. Ўйлашимча, Уругвай терма жамоамизни яхши билмайди.
Эронликлар эса бизни жуда яхши билади. Термамизда кимнинг қандай кучга эгалигини билишарди. Шу боис Эронда бироз эътирозлар бўлганди. Лекин биз Уругвай учун муносиб рақиб бўла олдик. Керак пайтда уларнинг камчиликларини ҳам кўрсатиб бердик. Ўйиндан кейин Уругвай мураббийи бизга хатоларимизни кўрсатиб бера олган жамоа сифатида таъриф берди. Эронга қарши учрашувда ҳам биз рақибнинг катта хатоларини кўрсатиб бергандик. Натижада ўйиндан кейин Кейруш анча вақт захира ўриндиғида ўйчан ҳолатда ўтириб қолганди», — деди Кападзе.
У ўз сўзида Урегвай терма жамоаси ҳужумчиси Луис Суареснинг қилиқлари ҳақида ҳам тўхталган.
— Ўйиндан кейин Уругвай бош мураббийи Оскар Табарес билан кўришмадим. Қолаверса, захира ўриндиқлари бир-биридан узоқда эди. Бундан ташқари, унинг оёғи оғриётгани учун оқсоқланиб юрганди.
Учрашувдан кейин ютқазганимиз учун менинг ҳам кайфиятим тушиб кетганди. Бунинг устига уругвайликларнинг учрашувдан сўнг ўзини тутишлари бизга ёқмади. Бизнинг ўйинчиларимиз улар билан футболка алмашишни таклиф қилишди, аммо улар буни хоҳлашмади. Уларнинг бундай совуқ муносабатидан жаҳлим чиқди. Худди бизни менсимагандек бўлишди.
Луис Суаресни «Барселона»да кўп бор муттаҳамлигини кўргандик. Лекин у терма жамоада ҳам шунақа экан. Сал нарсага ҳакам билан тортишиб, бизнинг футболчиларга қизил карточка кўрсатишини талаб қилаверди. Уни захирага олишаётганида майдондан чиқиб кетаётганди. Рустам Ашурматов эса Суаресга ҳурмат юзасидан қўлини чўзса ҳам у кўришишни истамади ва норози оҳангда чиқиб кетди.
Вақти келиб яна Уругвай билан тўқнаш келишимизни худодан сўрайман ва ўшанда уларга ўз кучимизни кўрсатишимизни жуда хоҳлайман. Бизга нисбатан турли қилиқлар қилиб, ҳурмат кўрсатишмади. Футболчиларимизга эса уларнинг бундай хатти-ҳаракатларидан хафа бўлмасликларини, яна қачондир уларга қарши ўйнаганимизда ўзимизни кўрсата олишимизни айтдим. Биз шунинг учун ҳам янада кўпроқ ишлашимиз керак, — деб айтган Кападзе.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter