Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«ТашМИ»даги тарихий бино бузиб ташланди. ССВ бунга Ҳукумат қарорини асос қилиб кўрсатяпти

«ТашМИ»даги тарихий бино бузиб ташланди. ССВ бунга Ҳукумат қарорини асос қилиб кўрсатяпти

Фото Влада Заманова. Февраль, 2021 йил

Ижтимоий тармоқларда эски «ТашМИ» – ҳозирги Тошкент стоматология институти клиникасига қарашли болалар жағ хирургияси бўлими биноси Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан бузиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур бино рус ёзувчиси, собиқ иттифоқ даврида сиёсий таъқибларга учраб, Тошкентга сургун қилинган Александр Солженицин ва унинг дунё китобхонлари орасида таниқли «Саратон бўлими» (Раковый корпус) асарида ҳикоя қилингани билан машҳур эди.

Бу асар Солженицин томонидан 1963-67 йилларда ёзилган бўлиб, сургундаги ёзувчи ўша вақтда  Тошкентдаги тиббиёт шаҳарчасида жойлашган 13-бўлим – «Саратон бўлими»да онкологик касаллик билан даволанаётган бўлган.

Ўша пайтда бу клиника республикада саратон касаллигига чалинган беморлар юбориладиган ягона шифохона бўлган.

ССВ мазкур бино бузилишига Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 декабрдаги йиғилиш баёни билан йўл қўйилгани, унга кўра, ҳудудда Республика эндокринология маркази ташкил этилиши ва шунга кўра ҳудуддаги корпусларни хатловдан ўтказиб, шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайдиганларини кўчириш, бузиш ҳамда ўрнида қўшимча қурилиш ишларини олиб бориш кўзда тутилганини айтмоқда.

Маълум бўлишича, бузилган бино ўрнида лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан эндокринология маркази учун автотураргоҳ қуриш режалаштирилган.

Қурилажак Эндокринология маркази 600 ўринга, болалар ва катталар маслаҳат поликлиникаси 500 ўринга мўлжалланган ва муассасага ҳар куни ўртача 400 нафарга яқин бемор яқинлари келиб кетишини, 1000 нафарга яқин ишчи-ходим ишлашини ҳисоблаб чиққан вазирлик, «катта ва қулай автотураргоҳ» зарурлигини таъкидламоқда.

Шунингдек, вазирликка кўра, бу эски бинони бузишда масъул ташкилотлардан – Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасидан тегишли хулоса ҳам олинган. Яъни бино маданий мерос объектлари рўйхатига киритилмаган.

Бинони бузиш учун аукционга қўйилмаганига сабаб сифатида эса, баҳоловчи фирма – «Sentr Ekspertiza Kontrolnogo Obmera 110» МЧЖ уни яроқсиз деб топгани кўрсатилди.

Болалар жағ хирургияси бўлими фаолияти Тошкент давлат стоматология институти клиникасининг бошқа биносида тўлиқ ва аввалгидан кўра яхши шароитда фаолият юритиши айтилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг