Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тарки одат – амри маҳол...ми?

Тарки одат – амри маҳол...ми?

Фото:«Халқ сўзи»

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан аҳоли ва тадбиркорларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг вақти ва нақдини тежаш орқали давлат хизматлари кўрсатиш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилган.

Ҳозирда вақтда жойлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали 100 дан ортиқ давлат хизматлари самарали кўрсатиб келинмоқда.

Албатта, ушбу тизим аҳоли ва давлат хизмати кўрсатувчи идоралар учун ҳам янгилик бўлганлиги, унга мослашиш, кўникиш учун вақт талаб этилиши ваколатли идоралар томонидан давлат хизматини ўз вақтида ва сифатли кўрсатишга тўсиқ бўлаётганлиги ачинарли ҳол.

Таҳлиллар натижаси, энг кўп қонун бузилиш ҳолатларига кадастр, қурилиш идоралари, ҳокимликлар ва коммунал хўжалик ташкилотлари томонидан йўл қўйилганлигини кўрсатмоқда.

Ушбу ҳолатларни бартараф этиш ва мазкур ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида Агентлик томонидан тегишли ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмоқда.

Ўтган давр мобайнида қўлланилган ҳуқуқий таъсир чоралари натижасида 1 204 нафар шахс маъмурий ва 204 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.

Ваколатли идораларнинг аксарият масъул ходимлари қўлланилган чоралардан ўзларига тегишли хулоса чиқарган ҳолда фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиб, сифатли давлат хизмати кўрсатишмоқда.

Лекин, «гуруч курмаксиз бўлмайди» деганларидек, давлат хизмати кўрсатишда белгиланган тартибга қайта-қайта риоя этмаётган ходимлар ҳам учраб турибди.

Энг ачинарлиси, бундай ходимлар учун давлат хизматини кўрсатишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйиш одат тусига кириб қолганидадир.

Мисол учун, ўтган давр мобайнида давлат хизматини кўрсатишда такрор ва такрор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган ваколатли идораларнинг 177 нафар масъул ходими икки ёки уч мартадан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Умид қиламиз, ушбу салбий ҳолатлардан давлат хизмати кўрсатувчи идорларнинг раҳбарлари ва масъул ходимлари тегишли хулосалар чиқаришади.

Исомиддин Латипов,
Давлат хизматлари агентлиги бош маслаҳатчиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг