Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дониёр Рўзметов

Ўқиганим ва билганим сари ўқимаганим ва билмаганим қанчалар кўп эканлигини тушуниб хижолат тортамен!

Таржимонлик соҳасини қутқаринг!

Таржимонлик соҳасини қутқаринг!

«Таржимонлик борасидаги сиёсат комплекс, яъни кенг қамровли бўлиши зарур».

Фото: «okidoki.ee»

Кўпчиликнинг эътиборига тушмаган ёки эътиборига тушса ҳам кўпчиликка аҳамиятсиздай туюлиб келаётган бир соҳа бор. Бу таржимонлик соҳасидир.

...Аввалроқ қайсидир машҳур ғарб ёзувчисининг бир асарининг ўзбекча таржимасини кўриб қолгандим. У таржимадан парчалар ижтимоий тармоқларда ҳам бироз тарқалди. Асар муаллифи европалик, асар воқеалари Европада юз беради ва унда европалик инсонлар тасвирланади. Асарнинг бир жойида қаҳрамонлардан бири «эй худо...» деб мурожаат қилган жойи бор. Шу жойини бизнинг таржимонимиз ўзбек тилига «эй Аллоҳ...» деб таржима қилибди. Бир қарашда бу ерда муаммо йўқдай туюлади, лекин зийрак ўқувчининг христиан динида бўлган (балки умуман динсиздир, асосийси мусулмон эмас) инсонлар «эй Аллоҳ» деб гапирмаслигига дарров фаросати етади. Лекин нимагадир бу нарсага катта масъулиятни зиммасига олиб мазкур асарни таржима қилган инсоннинг ва ўша таржимани чоп этган нашриётдагиларнинг фаросати етмаганлиги биздаги таржимонлик соҳасидаги асл ҳолатини яққол кўрсатиб беради...

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таржимонлик факультети бор. Бир пайтлар мен ҳам ўша факультетга ўтишни хоҳлаганман, лекин кейинчалик ўтмаганимга хурсанд бўлганман.

Мазкур факультетда ўқиган инсонлар ва ишлайдиган раҳбар ва ходимлар хафа бўлмасин. Балки ҳозир шароит яхшилангандир, лекин биз ўқиган пайтда бу факультетда фақат ўзлари ўқишни хоҳлаган кам сонли талабаларгина сидқидилдан таълим олар эди. Қолган талабалар инглиз, француз, испан филологияси факультетларидан келган бўлиб, дарсларни кўпинча коридорларда ёки «Камолот» ташкилотининг тадбирларида ўтказишарди. Шу боис ҳам таҳсилдан кейин таржимонлик ёки бошқа тил билан боғлиқ соҳаларда асосан филология факултетларининг талабалари ишлар эди.

Мен таржимонлик факультети эзгу ниятлар билан ташкил қилинганига юз фоиз аминман, лекин Абдулла Қаҳҳорнинг таъбири билан айтганда, эзгу ниятлар билан очилган факультет «ўтин ёриш»га ишлатилгани сабабли ундан «атомли реактор» берадиган натижани кутиб бўлмайди...

Араб халифалиги қудратга келган пайтларда араблар илм-фан, маданият ва бошқа соҳаларда илғор бўлмаган, уларга ота-боболаридан билимлар мерос бўлиб қолмаган. Бироқ дунёнинг энг қадимий цивилизациялари жойлашган Хоразм, Сўғдиёна, Бақтрия, Эрон, Рим, Греция ва ҳоказо ҳудудлар уларнинг қўл остида бирлашиб, мазкур цивилизацияларнинг минг йиллик билимлари арабларнинг ихтиёрида бўлиб қолган. Фақат бу билим хазиналари араб тилида эмас, балки «қулф солинган сандиқ»лардай ўзга тилларда (юнон, лотин, форс ва ҳ.) бўлган. У сандиқларни очиш учун зарур бўлган калитлар эса таржимонлар бўлишган. Буни тўғри англаб етган араблар ўз ҳукмронлигининг дастлабки онлариданоқ таржимонлик соҳасига катта эътибор қаратганлар. Дунёдаги энг қадимий академиялардан бири бўлган «Байтул-ҳикма»нинг бош мақсадларидан бири грек, рим, форс ва бошқа тиллардаги асарларни араб тилига таржима қилиш бўлган ва бу иш билан бизнинг ота-боболаримиз Форобий, Хоразмий, Фарғоний ва бошқалар ҳам шуғулланганлар.

Таржимонлик, тўғрироғи, ҳақиқий таржимонлик таржима қилинаётган асарни ўшандай маҳорат билан қайта ёзишдир. Бир китобни таржима қилаётганда таржимон асар муаллифининг ҳиссиётларини, нималарни ўйлаганини қайтадан ҳис қилади, англаб етади ва уни таржима қилинаётган тилдаги инсонларга янги асардай қилиб етказиб беради. Бир китобни таржима қилган таржимоннинг савияси муаллифнинг савиясига кўтарилса, мантиқан 100 та китобни таржима қилган таржимон «билимлар хазинаси»га айланади. Шу сабабдан ҳам бизнинг ота-боболаримиз маълум соҳаларда кўпроқ, бошқаларида озроқ асарлар ёзган бўлса ҳам амалда энциклопедик олим бўлганлар ва қайси соҳага оид асар ёзмасин, ўша соҳани камида бир неча қадам илгари силжитиб кетганлар.

Уларнинг зукколиклари шунда бўлганки, таржима жараёнида холис ва масъулиятли бўла олганлар. Масалан, Хоразмий юнонларнинг маъбуди Зевсни ёки Беруний ҳиндларнинг маъбуди Шивани юқоридагидай таржима қилмаганлар. Аксинча, уларнинг асарларини ўқисангиз худди асарларнинг аслини ўқигандай бўласиз. Шу боис ҳиндлар ўз тарихини, маданиятини бобокалонимиз Берунийнинг «Ҳиндистон» асари орқали ўқиб ўрганиб, ўз жамиятлари ҳақидаги маълумотларни мазкур асар орқали англаб етадилар...

1669 йилда Францияда Ёшлар тил институти очилади. Мазкур институтнинг мақсади ўша даврдаги «Билимлар хазинаси»ни ўз ичига «қулфлаб» олган тиллар — араб, форс ва турк тилларини француз ёшларига ўргатиш, мазкур тилларда таржимонлар етиштириш ва шу йўл билан ушбу хазиналарга «калит солиш» бўлган. Натижада дрогманлар деб айтилган мазкур ёшларни дипломатликдан тортиб савдо-сотиқ билан боғлиқ барча муҳим мансабларга тайинланганлар. Ҳозирги кунга келиб Шарқ тиллари ва цивилизациялари номини олган мазкур институт ҳали ҳам Франциянинг нуфузли институтларидан бири ҳисобланади. Институтда Шарқ давлатларининг деярли барча тиллари, ҳатто йўқолиб бораётган тиллар ва айрим шеваларгача ўргатилади. Франциянинг бир нечта университетининг ташаббуси билан очилган «Тиллар ва цивилизациялар кутубхонаси»да дунёнинг 350 дан ортиқ тилидаги китоб ва қўлёзмалар мавжуд бўлиб, кутубхонанинг ўқувчилари мазкур тиллардаги китобларни ўқиш учун ўша давлатга боришлари шарт эмас. Барча шароитлар Франциянинг ўзида яратилган.

Мазкур қарор ва амалларнинг натижаси ўзингизга маълум. Ўн еттинчи асрдан бошлаб араб, форс ва турк тилларидаги бизнинг ота-боболаримиз ёзиб кетган асарларнинг деярли барчаси ғарб тилларига таржима қилинган ва бу ғарб давлатларининг тараққиётда илгарилаб кетишига асос бўлиб хизмат қилган. Биз эса ғарб тилларини билмаганимиз ва ота-боболаримиздан қолган асарларни ҳам ўқий олмаганимиз учун тараққиётда орқада қолиб кетганмиз...

Баъзан «Руслар (ёки америкаликлар, хитойликлар, европаликлар) Марказий Осиё халқларини бирлашишга қўймайди» дейишади. Лекин руслар буни қандай уддалаши ҳақида ўйлаб кўрилмайди. Руслар ҳар сафар бу ишни уддалай олишининг сабаби шуки, улар бизни, тарихимизни, маданиятимизни, менталитетимизни, этнографиямизни, характеримизни, темперамент ва психологиямизни ўзимиздан кўра яхшироқ билади. Русларнинг Пётр I давридан бери Марказий Осиё ҳақида ёзилган асарларини ўқисангиз бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз. Руслар биздаги китобларнинг барчасини ўз тилига таржима қилиб олган, бизлар эса рус тилида ёзилган ўзимизга оид китобларни ҳам ўз тилимизга таржима қилиб олмаганмиз. Оддий мисол, Сергей Толстовнинг «Древний Хорезм» китобининг, унинг Хоразм қалъаларидаги экспедициясининг ҳисоботларининг ўзбекча таржимасини ҳамма сўрайди, лекин ҳали бирон киши уни топганини эшитганим йўқ.

Бу нарса русларга эмас, аксинча, бизларнинг ўзимизга минус. Руслар ўз манфаатларидан келиб чиқиб килиниши керак бўлган барча ишларни қилаяпти. Биз эса нима учун тўйларда исрофгарчилик қилишимиз, нима учун таниш-билишчиликка ружу қўйганимиз, нима учун баъзан ўзгаларнинг фикрларига тоқатсиз эканлигимиз ҳақида ўзимизга ўзимиз саволлар берамиз. Лекин мазкур саволларнинг жавобларини ўрганиш учун зарур бўлган ижтимоий фанлар — социология, этнография, антропология каби фанларни ривожлантириш ҳақида ўйламаймиз.

Ғарб тилларида (инглиз, француз, немис, итальян, испан) бизнинг давлатимиз, жамиятимиз, ижтимоий муаммоларимиз таҳлил қилинган илмий китоблар кўп. Улардан айримлари жуда яхши ёзилган, айримлари бизни кўр-кўрона танқид қилган, яна бирлари биз билиб туриб тан олмайдиган ҳақиқатларни очиб берган. Нима бўлганда ҳам биз ўзбеклар биз ҳақимизда дунёда ёзилган асарлардан хабардор бўлиб боришимиз, ҳақиқат ёки бўҳтон бўлсин, кимлар нималар деётганини билишимиз учун ҳам ушбу асарлар ўзбек тилига таржима қилинса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ҳозир уларни чет тилларни биладиган ва чет элларга бориб илмий иш қилиш бахтига муяссар бўлган камсонли олимларимиз ўқий олади. Бироқ ижтимоий соҳаларга эътиборнинг етарли эмаслиги сабабли уларнинг ўқиганлари ҳам юртимизга фойда келтирмайди.

Юқорида ёзилган гаплардан келиб чиқиб, таржимонлик соҳасидаги айрим муаммоларни кўрсатиб, уларнинг ечимларини таклиф қилиш мумкин.

  1. Масалан, таржимонликни шунчалик оқлар эканман, нега ўзим таржима қилмайман?

Чунки мен таржимон эмасман. Таржима қила оламан, лекин соҳам таржимонлик эмас. Яъни мен машина ҳайдашни биламан, лекин ҳайдовчилик ва машина муҳандислиги борасида мутахассис эмасман. Мен ҳар бир ишни ўзининг устаси қилишининг тарафдориман. Ўзбекистондаги таржимонлик соҳасининг муаммоларидан бири дуч келган ҳаваскор бу иш билан шуғулланаверишидир. Юртимизда таржимонликнинг аҳволи абгор ва мутахассис таржимонлар кам бўлганлиги сабабли биронта тилни ўрганиб олган ҳуқуқшунос, ҳисобчи, ҳарбий ёки ўқитувчи одам таржима билан шуғулланаверади. Натижада қўшиқчиликдаги каби таржима соҳасининг куни ҳам «отарчи таржимонлар»га қолган.

  1. Нима учун таржимонлар ўзлари билиб таржима қилавермайди?

Чунки таржималарни чоп эттиришга ўзларининг қурби етмайди. Бозор иқтисодиёти шароитида нафақат таржимонларга, балки нашриётларга ҳам осон эмас. Китобни сота олишига кўзи етмаса, таржима билан шуғулланмайди ва умуман олганда улар ҳақлар. Зарарига ишламайди-ку. Шу сабабли улар фақат дунёда машҳур бўлган адабий асарларнинг таржималари билангина шуғулланадилар.

  1. Ўзбекистонда таржимонлик соҳасини қайта жонлантириш учун нима қилиш керак?

Менимча, таржимонлик соҳасини давлат ўз муҳофазасига олиши лозим. Давлатимиз таржимонлик борасида махсус сиёсат юритиб, айнан таржимонлик билан шуғулланадиган бирон ташкилот, масалан, Таржимонлар уюшмаси ташкил қилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Мазкур ташкилот давлатимизнинг таржимонлик соҳасидаги сиёсатини мувофиқлаштириш, назорат қилиш билан бирга машҳур университетлар билан ҳамкорликда кучли таржимон кадрларни тайёрлаш, керакли илмий ва адабий асарларнинг таржима қилинишини давлат ажратган пуллар ҳисобидан молиялаштириш билан шуғулланиши шарт. 

  1. Шаклан ва моҳиятан таржимонлик борасидаги давлат сиёсати қандай бўлиши керак?

Таржимонлик борасидаги сиёсат комплекс, яъни кенг қамровли бўлиши зарур. Давлат махсус ташкилот тузиб, махсус сиёсат юритиб, унга пул ажратгач, бу сиёсат ёзма ва оғзаки таржимани ҳам қамраб олиши даркор.

Дунёда бўладиган халқаро ёки миллий тадбир ва учрашувларда синхрон (тўғридан-тўғри) таржимонлар иш олиб боради. Бизда эса ҳатто президент бирон давлатга борганда ёки давлатимизга бирон делегация келганда синхрон таржима қиладиган таржимонлар йўқ. Ҳатто президент бошқа давлат раҳбарлари билан учрашган пайтда дуч келган битта тил биладиган одамни жалб қилиб, унинг имкон қадар қилган таржимасига қаноат қилишга мажбурлигимиз биз учун дипломатик даражада уятдир (президентнинг Америкага ва Туркияга сафарлари чоғидаги таржималарни эшитиб кўринг).

  1. Мазкур сиёсат доирасида қайси долзарб вазифаларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин?

Қўлёзмаларни ўқиш ва таржима қилиш билан махсус шуғулланиш керак. Фанлар академиясидаги бир учрашувда «фондларимизда 15 миллионга яқин қўлёзма бор ва улардан 85 фоизи ҳали ўрганилмаган» деганларини эшитган эдим. Биз тарихимизни, маданиятимизни, урф-одатларимизни руслар, араблар, ғарблик олимларнинг асарлари орқали ўрганиб юрган пайтимизда балки ўзимизнинг архивларимиздаги қўлёзмаларда аниқроқ ва батафсилроқ маълумотлар мавжуд бўлиши мумкин.

Агар қўлёзмаларни ўқийдиган ва таржима қиладиган мутахассисларни етиштирадиган бўлсак, улар нафақат ўз қўлёзмаларимизни, балки бошқа давлатлардаги қўлёзмаларни ҳам ўқиб, миллий савиямизнинг ошишига хизмат қилган бўлар эди. Бу нарсага давлат пул ажратиши лозим.

Ва ниҳоят бизда таржимонлар асосан адабий асарларни таржима қиладилар. Ваҳоланки, ҳар бир соҳанинг ўзига хос атамалари, баъзан «тили» мавжуд бўлиб, уларни дуч келган одам таржима қила олмайди. Шу боис янги кадрларни соҳаларга (ҳарбий, тиббий, юридик, иқтисодий, адабий ва ҳоказо) истисослаштириб тайёрлаш керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг