Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тарихга қизиқувчи тадбиркор меҳмонхона қуриш асносида қадимий бино қолдиқларини топди (фото)

Тарихга қизиқувчи тадбиркор меҳмонхона қуриш асносида қадимий бино қолдиқларини топди (фото)

Бухоро шаҳрининг «Меҳтар анбар» кўчасида олиб борилаётган қурилиш ишлари жараёнида қурувчилар тарихий топилмага дуч келишди. Бу ҳақда ёш тарихчи Мадраҳим Турдиев Xabar.uz'га маълум қилди.

Манбаага кўра, тадбиркор Муҳаммад Болтаев томонидан 6 сотхли ташландиқ майдонда уй меҳмонхонаси барпо этиш мақсадида қурилиш ишлари олиб борилаётган пайтда тарихий топилмага дуч келинган. Тадбиркор тарихга қизиқиши юқорилиги сабаб уни эҳтиёткорлик билан очган.

Маълум бўлишича, қадимда бу манзил «Бозори кафш», яъни оёқ кийим сотиладиган бозор бўлган. Ушбу бозорда эски ҳаммом ҳам бўлиб, бунёдкорлик қазишмалари жараёнида чиққан бу топилма «Кафши олак» ҳаммомининг қолдиқлари эканлиги аниқланган.

— Бухоронинг қадимги робот қисмидаги ер остидан топилган бу иншоот, бизнинг назаримизда, XVI асрга оид ҳаммом. Олиб борилаётган тадқиқот ишлари ЮНЕСКО талабига тўлиқ жавоб беради ва бу борада аниқ фикрга келиш учун тезкор ишлар олиб борилаяпти. Иншоот ичидан топилган яна бир қанча буюмлар XIX асрга оидлигини исботлайди. Топилма тарихий аҳамиятга эга бўлиб, ундан туристик манзил сифатида фойдаланиш мумкин. Ушбу иншоотни реставрация қилиш, махсус ойналар орқали ўраш ва сайёҳлар учун кўргазма ва намойишлар масканига айлантириш таклифини бераман ,— деди Эрмитаж катта илмий ходими Ҳасан Таргуев (Россия).

Бухоро вилоят тарихчилар жамияти раиси Азалшоҳ Ҳамроевнинг билдиришича, XIX аср охири XX аср бошларида Бухорода бу каби 18 та ҳаммомлар бўлган. Тарихий топилмани ўрганишга зудлик билан россиялик ва маҳаллий археологлар жалб қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг