«Тарих ва адолат Украина томонида» – Европа комиссияси вице-президенти

ЕИ олий вакили Украина президенти В.Зеленский билан.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррель Украина босқини бошланганига бир йил тўлиши арафасида қуролли ихтилофни бартараф этиш имкониятлари хусусида мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Дипломат Россиянинг Украинага тажовузи шароитида Марказий Осиё билан ҳамкорликни кучайтириш лозимлигини ҳам урғулаган.
«2022 йил 24 февраль Россиянинг Украинага шафқатсиз, асоссиз ва ноқонуний босқини бошланган кун сифатида абадий ёдда қолади. Бу ошкора тажовуз ва БМТ Низомини очиқдан-очиқ бузиш ҳодисаси эди ва шундай бўлиб қолаверади. Бу «шунчаки Европа муаммоси» ёки «Ғарб ва қолганларга қарши» уруш эмас», – дейди Ж.Боррель.
Қайд этилишича, ядровий қуролга эга давлат, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси томонидан ноқонуний куч ишлатилиши маълум меъёрларга эга дунёда ҳеч ким хавфсиз эмаслигини кўрсатди. Бинобарин, барчани ҳокимият сиёсати, шантаж ва ҳарбий ҳужумдан ҳимоя қилиш мақсадида халқаро ҳуқуқ ҳамма жойда татбиқ этилиши шарт.
Қонли ихтилофга бир йил тўлар экан, одамлар уруш жиноятлари ва ваҳшийлик тасвирларига одатланиб қолиши, вазифа мушкул бўлгани туфайли вақт ўтиб чарчоқ устун келиши, қатъият заифлашиши хавфлари мавжуд. ЕИ бош дипломати таъкидича, бунга асло йўл қўйиб бўлмайди.
«Чунки Россия ҳар куни БМТ Низомини бузиб, империалистик сиёсати билан бутун дунё учун хавфли прецедент яратмоқда. Россия ҳар куни бегуноҳ украиналик аёллар, эркаклар ва болаларни ўлдиришда давом этмоқда, шаҳарлар ва фуқаролик инфратузилмасига ракеталар ёғдирмоқда. Россия ҳар куни ёлғон ва уйдирмаларни тарқатишда давом этмоқда», – дея бугунги фожеий манзарага чизги беради Ж.Боррель.
Шунга кўра, ЕИ ва унинг ҳамкорлари Украинани қўллаб-қувватлаш, ноқонуний тажовузни тўхтатиш учун Россияга босим ўтказиш ва дунёнинг қолган минтақаларига уруш оқибатларини камайтириш бўйича кўмаклашишдан иборат уч қисмли стратегияга содиқ қолиши лозим.
«Биз бир йилдан бери шундай қиляпмиз ва бу фаолиятимиз муваффақиятли давом этмоқда. Мисли кўрилмаган санкцияларни жорий этдик; Россиянинг қазиб олинадиган ёқилғисига бўлган қарамлигимизни тўхтатдик; асосий шериклар билан яқин ҳамкорликда Кремль ўз агрессиясини молиялаш учун оладиган энергия даромадларини 50 фоизга қисқартирдик. Биргаликда ишлаган ҳолда, биз озиқ-овқат ва энергия нархларининг пасайиши билан глобал тўлқин таъсирини қисман бирдамлик йўлакларимиз ва Қора денгиз ғалла ташаббуси туфайли енгиллаштирдик», – дейди сиёсатчи.
Айни чоқда, «Украина ўзини ҳимоя қила олишини хоҳлаймиз» деган истакнинг ўзи етарли эмас, бунинг учун воситалар ҳам керак.
«Шундай қилиб, ЕИ биринчи марта ҳужумга учраган давлатга қурол етказиб берди. ЕИ ҳозирда украиналик харбийлар ўз давлатларини ҳимоя қилиши учун ҳарбий тайёргарлик бўйича етакчи таъминотчи ҳисобланади. Шунингдек, биз Украина халқини қўллаб-қувватлаш учун муҳим макромолиявий ва гуманитар ёрдамни таклиф қилмоқдамиз. Биз Украинанинг ЕИга қўшилиш сўровига ижобий жавоб беришга қарор қилдик. Ниҳоят, биз Россия содир этган ҳарбий жиноятлар учун жавобгарликни таъминлаш устида ишлаяпмиз», – дея мулоҳазаларини давом эттиради ЕИ олий вакили.
Унинг таъкидлашича, Украина қисман ушбу кўмак туфайли матонат намунасини кўрсатди. Россия эса глобал санкциялар ва БМТ Бош ассамблеясидаги давлатларнинг мутлақ кўпчилиги қоралови туфайли янада яккаланиб қолди. Тараққийпарвар ҳамжамиятнинг умумий мақсади эса демократия ҳукмронлик қиладиган Украинадан босқинчини қувиб чиқариш, унинг тўлиқ суверенитетини тиклаш ва халқаро қонунийликни тиклашдир.
«Биз, энг аввало, Украинада БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келадиган кенг қамровли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатилишини истаймиз. Украинани қўллаб-қувватлаш ва тинчликка эришиш муштарак мақсаддир», – дея масалага ойдинлик киритади Ж.Боррель.
Тажрибали дипломат рус босқинининг Марказий Осиёга таъсирига ҳам муносабат билдирган.
«Россиянинг тажовузкор ревизионизми ва унинг кенг кўламли беқарорлаштирувчи ҳаракатлари – Марказий Осиё мамлакатларига ҳам таъсир қилувчи глобал таҳдиддир. Биз ўтмиш меросини қўзғатишга уринаётган Россия ташвиқот машинасининг таъсири, ахборотни манипуляция қилиш ва чет эл аралашуви бўйича саноат миқёсидаги саъй-ҳаракатларни кўрдик. Шунинг учун ЕИ ушбу таҳдидга қарши курашмоқда ва биз ҳамкорларимизнинг ёрдамига ишонамиз», – дейди у.
Ж.Боррель фикрича, Россия истилоси Европа ва Марказий Осиё учун ҳаддан ташқари қарамликдан эҳтиёт бўлиш зарурлигини яна бир карра кўрсатиб берди. Демак, барқарорлик ва очиқ жамият ғоясидан ЕИ ҳам, Марказий Осиё ҳам бирдек манфаатдор. Бундан ташқари, барқарор тикланиш ва «яшил» ўзгаришларни таъминлаш, фуқароларни терроризм, гиёҳвандлик моддалари, қурол ва одамлар савдоси каби таҳдидлардан ҳимоя қилиш керак. ЕИнинг минтақани ҳамкорлик учун очиқ майдон сифатида сақлаб қолиш истаги ҳам шу жиҳатлар билан изоҳланади.
«Тарих ва адолат Украина томонида. Аммо тарих маромини тезлаштириш ва адолатга эришиш учун биз «учлик стратегиямиз»ни кучайтиришимиз керак. Бу жамоавий вазифа эканлигини биламиз. Шу боис ЕИ барча ҳамкорларини тажовуз барбод бўлиши ва халқаро ҳуқуқ устувор бўлишини таъминлаш учун биргаликда масъулият ва ҳамжиҳатлик руҳида ҳаракат қилишга чақирмоқда», – дея хулоса қилади Ж.Боррель.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter