Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Танзания президенти 62 ёшида вафот этди

Танзания президенти 62 ёшида вафот этди

Танзания президенти Жон Магуфули 62 ёшида вафот этди, деб хабар берди Bloomberg вице-президент Самиа Сулуху Хассанга асосланиб. 

Танзаниялик мухолифатчи сиёсатчи Тунду Лиссу аввалроқ COVID-19 билан касал бўлиб қолган давлат раҳбари Ҳиндистонга олиб кетилгани ҳақида айтиб ўтган эди. Лиссунинг сўзларига кўра, президент бундан олдин Кенияда даволанган.

Financial Times ўз манбаларига асосланиб, Магуфули оғир касал бўлганлиги ҳақида ёзган.  Кениянинг «Nation» нашри ҳам ўз манбасига асосланиб «икки ҳафта давомида жамоат олдига чиқмаган Африка давлатларидан бирининг етакчиси COVID-19 касаллиги билан Найробидаги касалхонага ётқизилгани» ҳақида хабар берган. Шу билан бирга бир қатор ОАВлар президент нафас олиш мосламасига улангани ҳақида айтиб ўтган.

Танзаниянинг бош вазири, юридик ишлар вазири ва мамлакатнинг Намибиядаги элчиси президент коронавирус билан касалланганлиги ҳақидаги маълумотни рад этишган.

Аввалроқ Магуфули Танзанияда SARS-CoV-2 йўқлигини айтганди.  Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса COVID-19 учун вакциналар сотиб олиш режаси йўқлигини хабар қилган.  Магуфули аҳолини коронавирус ҳақида тўғридан-тўғри гапирмасдан, коронавирусга қарши курашиш учун уч кун давомида ибодат қилишга чақирган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, Танзания 2020 йил май ойининг бошидан бери коронавирус касаллиги ва ўлим статистикаси ҳақида хабар бермаган.  ЖССТ маълумотларига кўра, мамлакатда COVID-19 касаллигининг 509 та ҳолати аниқланган ва 21 та ўлим қайд этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг