Танқиддан кейин Қаршидаги завод фаолияти тўхтатилди
Қарши шаҳри Шайхали шаҳарчаси Косон йўли кўчасида жойлашган терини қайта ишловчи JV «Qarshi Leater» МЧЖ қўшма корхонасидан чиқаётган бадбўй ҳиддан аҳоли азият чекаётгани ҳақида қатор хабар ва видеолар тарқалганди. Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва Қарши шаҳар ҳокимлиги муносабат билдирди.
Ушбу ҳолатни жойига бориб ўрганиш мақсадида Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев, депутатлар ҳамда тегишли ташкилотлар масъуллари ҳудудга бориб, аҳоли вакиллари билан учрашди. Мулоқот жараёнида аҳоли муаммоларига қулоқ тутилиб, ҳолат бўйича завод масъулларининг ҳам фикрлари эшитилди.
Ўрганишлар жараёнида корхона ўн кундан буён фаолият юритмаётгани аниқланди. Учрашувда шаҳар ҳокими корхона мутасаддилари тарафидан тегишли ташкилотлар томонидан тақдим қилинган барча техник шартлар бажарилиб, заводдан чиқаётган оқова сувларни ҳайдаш учун ёпиқ канализация тизими ишга туширилмагунча фаолият юритишларига рухсат берилмаслигини айтди. Бу заводнинг ишлашидан, ундан чиқадиган бадбўй ҳиддан атрофда яшаётган оддий аҳоли азият чекиши керак эмас, деди шаҳар ҳокими.
Шаҳар ҳокими аҳоли вакиллари ва тегишли масъуллар иштирокида корхонадан чиққан оқова сувлар тўпланган очиқ ҳавзани ҳам бориб кўрди. Бу ердан таралаётган қўланса ҳидни йўқотиш учун очиқ ҳавзани тупроқ билан ёпиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Мулоқот жараёнида аҳоли вакилларининг бошқа масалалар, жумладан, электр таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, ёш болалар ўтадиган асосий катта йўлга махсус йўл белгиси ўрнатиб бериш бўйича мурожаатлари ҳам тингланди. Шу ерда масъулларга электр таъминотини яхшилаш учун трансформатор ўрнатиш, тупроқ йўлга тош-шағал аралашмаси ётқизиш, пиёдалар кесиб ўтадиган катта йўлга йўл чизиқ белгисини чизиб бериш бўйича қўшимча топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди. Бундан ташқари шаҳар ҳокимлиги томонидан аҳолини кўмир билан таъминлашга ҳам ёрдам берилиши айтилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter