Таниқли экспертдан туризм тадбиркорлиги учун 10 ғоя. Ундан исталган киши фойдаланса бўлади
Давлат бошқаруви соҳасида мутахассис, таниқли эксперт, тадбиркор ва блогер Азиза Умарова туризмни ривожлантириш бўйича ўн ғояни тақдим қилди.
«Бизда ажойиб архитектура ёдгорликлари бор, бироқ интерактив турмаҳсулот ҳақида сўз очадиган бўлсак, бу бироз зерикарлироқ. Сайёҳлар эса ниманидир қизиқиш билан ўргангиси, ниманидир ўз қўли билан ясагиси келади. Айниқса, бу гап миллениалларга ва ёшларга тааллуқли. Авваллари биз француз пенсионерларининг кўнглини меъморий ёдгорликлар билан олганимизда, ёш европалик ва россиялик сайёҳлар ёпирилиб келганди. Шундай фаолият олиб борилишини истар эдик. Масалан, Райҳон Тбилисида грузин пазандалиги бўйича маҳорат дарсида иштирок этди. Фотосуратда у хинкали ушлаб турибди, уни тайёрлашни Тбилисининг уста ошпаз Натали хонадонида ўрганди. Дарвоқе, тавсия этаман.
Шундай қилиб, ўн ғояни тақдим қилмоқчиман, истаган шахс улардан фойдаланиб туристик маҳсулот яратса бўлади. Турфирмалар ва ижтимоий тармоқлар орқали кераклича айлантириб сайёҳларга тўғридан-тўғри сотиши мумкин», деб ёзади у.
Демак:
- Ўзбек пазандалиги бўйича ресторан ёки уйда маҳорат дарси ўтиш (унда палов, аччиқ-чучук, манти тайёрлашни ўргатиш).
- Матоларни бўяш (матоларни табиий бўёқлар ёнғоқ, анор пўсти, индиго ёрдамида бўяшга, нақш босишга ўргатиш).
- Маросимларга тақлид қилиш: келинсалом, ўзбек алласини куйлаш, катта гуруҳдаги туристлар учун ўзбек тўйи маросимини саҳналаштирилишини уюштириш.
- Самарқанд, Хива ва Бухорода очиқ осмон остида мураббий ёрдамида йога машғулоти. Айтгандек, Парижда Airbnbда Эйфель минораси тагида йога фойда келтирувчи маҳсулот ҳисобланади. Гарчи бепул бўлса-да, туристлар у учун пул тўлаб кетишади.
- Ёдгорликлар олдида эндигина расм чизишни ўрганувчиларнинг мольбертга расм ишлашлари (маҳаллий рассомлар билан акварель, графика юзасидан расм ишлашни келишиб олинг).
- Мусиқа асбобларини чалиш бўйича маҳорат дарслари (аввал мусиқа бўйича кириш маърузаси ўқилади, сўнг қадимий мусиқа асбоби чанг ва анъанавий рубоб, доиралар чалиш юзасидан дастлабки таянч сабоқлар берилади).
- Ўзбек рақслари бўйича маҳорат дарслари ва рақсга хос либослар (лазги, бухороча, фарғонача рақс либослари) ни кийиб кўриш.
- Анъанавий ўзбек оиласида тушлик ёки кечки овқат ташкил этиш (анъанавий хонадонда, беданалар, канарейкалар — сайроқи қушлар сайраши остида,ишком тагида, супа устида, лаганда тортилган миллий таомларни тасаввур қиляпсизми...) — ҳайрон бўларсиз, бироқ бунга эҳтиёж катта, биз ҳар бир сайёҳдан кечки овқат учун яратиб берган миллий муҳитимиз — колоритга кўра 50 долларгача олишимиз мумкин.
- Агротуризм. Мавсумга кўра мева ёки сабзавотларни уйда хонадонда йиғиб-териб олиш. Мевалар мазасини татиб кўриш, биргаликда мевали салатлар, компот, шарбатлар тайёрлашга жалб қилинг. Ўзлари тайёрлаб, ўзлари истеъмол қилишсин. Охирида ҳаммани палов билан меҳмон қилинг. Бундай турларни шаҳар ташқарисида ўтказиш яхши.
- Шаҳар бўйлаб пиёда сайёҳат (Совет Ўзбекистони, Тошкент эвакуацияси, бозорнинг савдо расталари бўйлаб, қабристонлар зиёрати, яҳудийлар босиб ўтган йўл, япон асирлари, корейс, арман, татар ва бошқа халқлар тарихи бўйича мавзули сайёҳатлар). Ҳайрон бўлишингиз мумкин, аммо сайёҳат мавзу йўналишларига бўлган талаб турлича бўлади. Шов-шувга сабаб бўлувчи йўналишлар ишлаб чиқинг, уларга оламшумул ном беринг, бу ҳақида инглиз тилида сайтларга жойлаштиринг ҳамда олға!
Дадилроқ ва ижодкор бўлинг. Қолгани ўз ўрнига тушиб кетади.
Айтиш ёдимдан кўтарилибди, ушбу турлар нафақат туристлар учун, балки шу ерда истиқомат қилаётган маҳаллий экспатлар учун ҳам қизиқарли. Бунда Тошкент учун улар ҳеч қандай мавсумий аҳамиятга эга бўлмайди. Шаҳар зерикиб ўтирган дипломат ва бизнесменларга тўла. Улар йил бўйи ўзлари ва фарзандларини нима билан банд қилиш кераклигини билмайди, бунга керакли чора топа олмай доим бир-бирлариникига боришдан бўшамайди. Бунга доим иқрор бўлиб келишган. What a waste! Инглиз тилига мослаштирилган ушбу сайёҳат турларидан ҳар бирига ёзда ҳам, қишда ҳам талаб бўлади. Демак, олға қадам босинг! — дея маслаҳат беради Азиза Умарова.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter