Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Талабалар учун хушхабар! Кундузгида ўқийдиган талабаларнинг контрактига 10 фоизлик чегирма берилади

Талабалар учун хушхабар! Кундузгида ўқийдиган талабаларнинг контрактига 10 фоизлик чегирма берилади

Фото: «Xabar.uz»

Олий таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йили учун тўлов шартнома миқдори камайтирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги баёнот берди.

Баёнотни қуйида эътиборингизга ҳавола этамиз:

Олий ва ўрта маълим вазирлиги жамоатчилик томонидан пандемия шароитида олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш нархларини оптималлаштириш борасида билдирилган кўплаб мурожаатларни ҳисобга олиб, уларни ижобий ҳал қилиш мақсадида Молия вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасаларида мавжуд барча ресурсларни сафарбар этиш ҳисобига қатор таклифларни ишлаб чиқди.

Пандемия шароитида аҳолининг тўлов қобилияти пасайишини ҳисобга олиб, бугунги кунда белгиланган базавий тўлов-контракт миқдорлари ўқитишнинг минимал харажатларини қоплай олмаётганлигига қарамасдан, фарзанди тўлов-шартнома асосида ўқийдиган оилаларга енгиллик яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги 2020/2021 ўқув йилида амалдаги базавий тўлов-контракт миқдори учун кундузги шаклда ўқийдиган барча талабаларга 10 фоиз чегирма берилади.

Талабаларни қўллаб-қувватлаш ушбу чегирма билан тўхтаб қолмайди.

Шу билан бир қаторда, олий таълим муассасалари томонидан етим, чин етим, ногирон бўлган талабаларга ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, “темир дафтар” рўйхатидаги оилалар фарзандлари бўлган талабаларга контракт тўловларини қоплаш учун манзилли моддий ёрдам кўрсатилади. Бунда олий таълим муассасалари мавжуд маблағлари ҳисобидан талабаларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, 4,0 млн. сўмгача молиявий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва олий таълим муассасаларида тўлов-контракт шакли асосида ўқиётган 4 минг нафардан зиёд талабага шартнома миқдорининг 35 фоизини тўлаш орқали моддий ёрдам кўрсатилади. Ушбу моддий ёрдам бир талабага бир йилда 2,4 млн.сўмдан 3,4 млн.сўмгача миқдорни ташкил этади.

Шунингдек, олий таълим муассасаларида таълим олиш (ўзининг, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўловларга йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари даромад солиғидан озод қилинган бўлиб, бунда бир нафар талаба учун контракт тўлаган оилага бир йилда 770 минг сўмдан 1 млн. 177 минг сўмгача маблағ даромад солиғидан имтиёз шаклида қайтади.

Тўлов-шартнома асосида ўқийдиган талабаларга шартнома шартларини бажаришда бериладиган чегирмалар ҳисобига давлат бюджетига ортиқча юк тушмаслиги учун олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига тегишли харажатлар нормативлари қайта кўриб чиқилади ҳамда уларда қўшимча таълим хизматларни кўрсатиш ҳисобига бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилиш орқали чегирма харажатларини қоплаш чоралари кўрилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан соҳада олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар, аввало, талаба-ёшларга замонавий илмларни эгаллашлари учун қулай шарт-шароит ва ижодий муҳитни яратиш ҳамда сифатли таълимни таъминлаб беришга қаратилган. Шундай экан, вазирлик талбаларни ҳар қандай шароитда ҳам асосий мақсаддан чалғимаслик ва ўз соҳасида етук мутахассис бўлиб етишиш учун тинимсиз изланишдан тўхтамасликка чақиради.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
ахборот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг