Талаба, спортчи, дастурчи... Мақсад тўғри бўлса, омад эшиклари очилаверади
Аслида, инсон учун ҳаёти давомида муваффақиятга эришиш кўпчилик ўйлаганидек мушкул иш эмас. Аввало, мақсад тўғри танлаб олинса ва бу йўлдан оғишмай ҳаракат қилинса бас, омад эшиклари очилмасдан иложи йўқ. Орзу-умидлари сари тинмай ўқиб-изланаётган, меҳнат қилаётган ва ютуқлари билан бошқаларга ўрнак бўлаётган замондош ёшларимиз бугун жуда кўп орамизда. ТАТУ Самарқанд филиалининг «Телекоммуникация технологиялари» йўналиши битирувчиси Жамил Юсупов ҳам ана шундай ёшлардан.
Жамил Юсупов 1993 йили Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида туғилган. Айни дамда ТАТУнинг 4-босқич талабаси. 2000 йилдан таэквондо, 2009 йилдан «Ўзбек жанг санъати» спорти билан шуғулланади. Бир қанча халқаро мусобақалар ғолиби, кўп карра Жаҳон чемпиони. Спорт устаси.
— Коллежда тиббиёт йўналишида таҳсил олган экансиз. Нега олий таълим олишда ТАТУни танладингиз?
— Ёшлигимдан тиш дўхтири бўлишни ҳавас қилардим. Шу боис, мактаб давридан кимё ва биология фанларига қизиққанман. Мактабни тамомлагач, тиббиёт коллежининг ортопедик-стоматология йўналишига ўқишга кирдим. Ўқишим давомида Адлия вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган «Ҳуқуқ билимдонлари» республика кўрик-танловида (2010 йил) гуруҳ сардори сифатида иштирок этганман ва финал босқичида 2-ўринни эгаллаганмиз. Турли соҳаларда ўзимни синаб кўришни яхши кўраман. Бундан ташқари, компютер, унинг дастурлари ва техникага қизиқишим сабаб, коллежни тамомлагач, ТАТУ Самарқанд филиалига ўқишга киришга қарор қилдим.
— Давлат гранти бўйича талаба бўлиш осонмас ҳозир. Бунга қандай эришдингиз?
— Тўғри. Бу балки омадимдир. Мактабда даставвал математика, физика фанлари билан унча келишмас эдим (кулади). Лекин кейинчалик қизиқишим ортди. 8-синфда математика бўйича олимпиаданинг вилоят босқичида 3-ўринни эгаллаганман. Тақдир барибир шу фанлар билан учрашишга мажбур қилди. Икки йил давомида синов имтиҳонларидан ўтолмадим. Лекин, махсус тайёргарликни, ўқув курсларига қатнашни канда қилмадим. Инсон мақсадига юракдан киришса, куч-ғайрати икки баробар ошаркан. Кучли тайёргарликлар ва инглиз тили бўйича эгаллаган билимларим 2014 йили ТАТУ Самарқанд филиалига грант асосида ўқишга киришимга омил бўлгандир эҳтимол.
— Етти ёшингиздан спортга ошно экансиз. Яна коллежда ўқиш, тест синовларига тайёрланиш — буларнинг бари ақл-тафаккур талаб қиладиган жараёнлар. Ҳаммасига қандай улгурдингиз? Жисмоний ва ақлий машқлар бир-бирига халал бериб қолмадими?
— Юқорида айтиб ўтганимдек, бир йўналишда ёки бир соҳада фаолият юритиш, менинг назаримда, ҳозирги ёшлар учун жамиятнинг фақат бир бўғинига тегишли бўлиб қолиш асосий жараёнлардан узилиб қолишдек гап. Чунки инсон ўзига қанча юклама берса, жамият ишларида фаол қатнашса, турли соҳаларда ўзини синаса, у, албатта, ижобий натижаларга эришади.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтмоқчиман, ҳозирда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг фаол аъзосиман, унинг кўплаб лойиҳаларида, танловларида, ўқув-семинарларида, тадбирларида мунтазам иштирок этаман. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Самарқанд вилоят кенгашининг Ёшлар қаноти сардориман, Ўзбек жанг санъати федерацияси Самарқанд вилоят бўлими ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийиман.
Улгуришга келсак, энг аввал қилинадиган ишларим ва вазифаларим рўйхатини тузиб, уларни муҳимлилик ва бир-бирига боғлиқлик жиҳатидан саралайман ҳамда режа асосида барчасини уддалашга эришаман. Шуни қўшимча қилмоқчиманки, юртимизда мақсад сари таслим бўлмай интиладиган ташаббускор ёшлар ҳеч қачон рағбатсиз қолмайди.
Ҳозирда шогирдларимни ҳам шу йўлда фаол бўлишга жалб қилганман.
— Бир сўз билан айтганда, спорт сизга нима берди?
— Буни мен бир сўз билан айтолмайман. Спорт орқали дунёни кўрдим, республикамизнинг барча минтақаларидан кўплаб дўстлар орттирдим, қатор шогирдлар тайёрладим, эл орасида, филиалдаги тенгдошларим ва устозларим орасида эътибор қозондим, давлатимиз томонидан берилган кўплаб имкониятларга эришдим. Спорт орқали мукофотландим. Оддийроқ қилиб айтганда, спорт — менинг барча эришганларимга етаклаган ва йўналтирган кучдир.
— Бакалавр босқичидан сўнг режалар қандай?
— Бакалавр босқичидан сўнг, барча талабалар сингари магистратурада ҳам таҳсилни давом эттириш ниятим йўқ эмас. Шунингдек, 2015 йили Тошкент шаҳрида ўтказилган «I LOVE UZBEKISTAN» номли фестивалда иштирок этгандим. Фестивал доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига бўлган ташрифдан сўнг, у ердан олган таассуротларим менга келажакда ушбу академияда таҳсил олишни мақсад қилишимга сабаб бўлди. Худо хоҳласа бунга эришаман.
— Бадиий асарлар ҳам мутолаа қиласизми? Охирги марта ўқиган китобингиз?
— Фақатгина чет эллардаги сафарлар ва мусобақалар давомидаги бўш вақтларимда қўлимга китоб олиб тураман. Улар асосан бугунги кун нафаси ва ҳаёти ҳақидаги китоблар, материаллардир. Саволингиздан сўнг анчадан буён бадиий асар мутолаа қилмаганимни эсладим. Демак, мутолаани ҳам бошлашим керак.
— Эришган барча ютуқларда оилавий муҳит, устозлар йўл-йўриғи муҳим рол ўйнайди, тўғрими?
— Aлбатта. Барча ишларда биринчи устозим — дадам билан бамаслаҳат иш кўраман. Оилавий муҳитим мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Эришган ютуқларимни ҳам энг аввало оилам билан баҳам кўраман, кейин эса дўсту биродарларим билан бўлишаман.
Баъзан ишларим режадагидан ошиб кетганда, уй ишларига қўл уролмаганимдан гап эшитган вақтларим ҳам бўлган. Филиалдаги дарслар жараёнида ҳамда бошқа масалаларда ҳам бир нечта профессор-ўқитувчилар фикри билан танишаман ва барчасини жамлаб бир қарорга келаман. Жорий йилнинг август ойида ЮНЕСКО раҳнамолигидаги Халқаро жанг санъати маркази (ICM — International Centre of Martial arts) жанг санъати соҳасида тадқиқот ташаббуслари номли ўқув дастури учун эълон қилинган танлов ғолиби бўлдим. Ушбу ютуқ сабаб, қолаверса, ота-онам ҳамда филиал раҳбарияти қўллаб-қувватлаши билан 2017 йилнинг 1 сентябридан 28 ноябригача Жанубий Кореянинг Чунгжу шаҳрида уч ойлик ўқув дастурида иштирок этиб қайтдим.
Оқ ювиб-оқ тараган, ҳеч кимдан кам бўлмай униб-ўсишим, билим олишим, юқори натижаларга эришишим учун барча шароитларни яратиб берган ота-онамга, ҳар жабҳада қўллаб-қувватлаётган университет раҳбариятига чуқур миннатдорлик билдираман.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter