«Korzinka.uz» раҳбари юзлаб миллионлик зарар ва бошқалар ҳақида гапирди
Ўзбекистон солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг муҳокамаси порталида эълон қилинганди. Ушбу концепция кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Айниқса, «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов ҳамда «Davlеtovuz» телеграм каналларининг концепция лойиҳаси юзасидан мунозараси қизиқарли тус олган.
Қуйида Зафар Ҳошимовнинг ушбу мавзудаги сўнгги постини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Концепция бўйича тадбиркор сифатидаги қарашларим
Янги концепцияда солиқ тўловчиларнинг қандай турлари бўлади?
Хусусий шахслар, корхона ва ташкилотлар солиқ тўловчи саналади. Авваллари солиқ тўловчилар мулк шакли, ишчилар сони, танланган солиқ режими бўйича, фаолият доираси ва ҳоказолар бўйича хилма-хил эди.
Бу жуда мураккаб тақсимотдир.
Масалан, биз «Сититакси» лойиҳасини бошлаганимизда ушбу бизнес тури хизмат кўрсатиш ҳисобланиб, агар ходимлар сони 25 киши бўлса ягона солиқ тўловини тақозо этар, агар штат 25 кишидан ортиқ бўлса умумий солиққа тортиш тизимига тушар эди. Бизда эса у пайтда 100 та машина, 200 дан ортиқ ходим бўлгани учун умумий солиққа тортиш турига кирар эдик.
Бунинг устига, текширганимизда бозорда умумий солиққа тортиладиган ягона такси хизмати эканлигимиз маълум бўлди. Метан газини автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларидан харид қилар эдик, чунки ушбу шохобчалар кичик ва ўрта бизнес субъекти сифатида ягона солиқ тўловчиси бўлиб, эҳтиёт қисмлар, сарфланган материаллар ва ҳоказоларнинг барчасини фақат ягона солиқ тўловчидан сотиб олиш мумкин эди. Яна ҚҚСсиз эди.
Шу тариқа такси компаниямизнинг ялпи даромади ҚҚСга тушар ва бу аслида билвосита бўлиши керак бўлган солиқ биз учун тўғридан-тўғри солиққа айланиб, ялпи тушумимиздан 20 фоиз миқдорида солиққа тортилар эдик. Бундан ташқари, биз яна бир қатор бошқа солиқлар, хусусан, даромад солиғи (аслида ҳеч қанча даромад олмасак-да) тўловчиси эдик. Бозорни ўргансак, барча, жумладан, йирик такси корхоналари ҳам ушбу ҚҚС солиғидан озод бўлиш учун бир нечта юридик шахсга бўлиб ташланар экан. Нима учун 3 миллионлик аҳолиси бор шаҳарда реал таксилар сони 30 мингдан ошадиган бир пайтда лицензияга эга таксилар сони 3,5 мингдан камлигини тушуниш энди қийин эмас. Ҳатто энг муваффақиятли ва ақлли тадбиркорлар ҳам корхоналарини қанча парчаламасин, ўз қўл остида шунча юридик шахсни бошқара олмайди.
Бу эса мана бундай натижага олиб келади:
- расмий такси бозори ривожланмайди;
- расмий такси компаниялари самарадорлиги пастлигича қолаверади;
- фаолият ҳудуди кенгаймайди;
- транзакциялар нархи кўтарилади;
- солиқ йиғими пастлигича қолаверади.
Натижада мижозлар зарар кўради, бюджет ҳам пул йўқотади, бизнес ривожланмайди.
Бир йил давомида (2013) барча мутасадди идораларга мурожаатларим, ҳеч ким ҚҚС тўламаган умумий тизимнинг номукаммаллигини тушунтиришга уринишларим ҳеч кандай натижага олиб келмади, юзлаб миллион сўм миқдорида зарар кўрдик. Оқибатда «Сититакси» ва «Корзинка» лойиҳаларини бирлаштиришга қарор қилдик. Шунда асосий фаолият савдо-сотиқ бўлиб, асосий даромад чакана савдодан келадиган бўлгани учун такси хизматларимиз тушумидан ҳам ягона солиқ тўлайдиган бўлдик. Биз бу бирлашишни худди ана шу ягона солиққа ўтиш учун қилган эдик, юқорида айтилган корхоналар бир қанча юридик шахсларга бўлингани каби.
Хўш, энди айтинг-чи, хизматларимиз ёки сонимиз ўзгармаса, наҳотки корхонани бир номдан иккинчисига шундай ўтказиб, мутлақо бошқа солиқлар тўлаш адолатдан бўлса?..
Майли, ушбу постнинг мақсадига қайтсак.
Солиқ сиёсатининг янги концепцияси ана шу солиқ тўловчиларнинг барча тоифаларини кескин камайтирди ва ходимлар сони, фаолият турлари, йўналишлари билан боғлиқ тушунмовчиликларга барҳам берди.
Янги концепцияга асосан қуйидаги турдаги солиқ тўловчиларгина қолди (улар тўлайдиган солиқлар билан бирга кўрсатилган):
1) якка тадбиркор (қатъий белгиланган солиқ).
2) оилавий тадбиркорлик (қатъий белгиланган солиқ) — бу икки категорияга, эҳтимол, фаолият турига қараб чекловлар бўлиши мумкин.
3) кичик тадбиркорлик (даромаднинг 5 фоизи) — айланма капиталга қўйилган чеклов — 1 млрд. сўм.
4) қолган барча корхоналар.
5) жисмоний шахсларнинг даромади солиққа тортилади:
— ойлик маош — 25%
— дивидендлар — 25%.
Биз бу ерда фақат солиқ тўловчилар ҳақида тўхталдик. Илтимос, солиқларнинг ўзи ҳақида гапиришга шошилманг. Солиқлар ҳақида алоҳида гаплашамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter