Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Табриклаймиз! Энди сиз 2 фоиз ставка бўйича ягона солиқ тўловчиси бўлдингиз!» Қандай қилиб?

«Табриклаймиз! Энди сиз 2 фоиз ставка бўйича ягона солиқ тўловчиси бўлдингиз!» Қандай қилиб?

Ҳукуматимиз олдида электрон бизнес жараёнларини осонлаштирувчи, мобиль пул платформаларини ишлаб чиқиш ва электрон технологиялардан фойдаланишни рағбатлантирувчи, электрон тижоратнинг зарур инфратузилмасини ривожлантирувчи, интернет тармоғи воситасида битимлар тузишга бўлган ишончни оширувчи, шунингдек, кибержиноятларга қарши тура оладиган самарали ҳуқуқий асосни шакллантириш бўйича муҳим вазифалар турибди.

Электрон тижорат ўзи нима?

Ўзбекистон Республикаси «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунида «Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган, товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга доир тадбиркорлик фаолияти электрон тижоратдир» деб белгиланган.

Демак, электрон тижорат замонавий бизнесда мавжуд бўлган деярли барча жараёнларни яхлитлаш ва интеграция қилиш орқали уларни замонга мос равишда ўзгартириш учун шарт-шароит яратади.

Мамлакатимизда электрон тижоратни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги қарори билан электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари белгилаб берилган. Унда электрон тижорат субъектлари учун қулай шароитларни яратиш кўзда тутилган бўлиб, электрон тижорат субъектлари Миллий реестрининг жорий этилиши шулар жумласидандир.

Миллий реестр

Электрон тижорат субъектлари миллий реестри – бу электрон тижоратнинг маҳаллий субъектлари ҳақидаги маълумотларни ўзида жамлаган ягона электрон банк ҳисобланади. Унинг асосий вазифалари ва йўналишлари қаторига қуйидагилар киради: электрон тижоратни жорий этиш ва ривожлантириш ҳолатини тизимли мониторинг қилиш ва баҳолаш, шунингдек, ахборот тизимлари ва ресурсларини жорий этиш самарадорлигини ўрганиш;электрон тижоратни самарали ривожлантириш мақсадида амалдаги қонунчиликни мақсадли таҳлил этиш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш.

Миллий реестр қачондан ишга тушган?

Миллий реестр 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб электрон шаклда онлайн www.e-tijorat.uz интернет-порталида ишга туширилган.

Сайтда реестрга киритиш учун ариза бериш бўйича йўриқнома ҳамда электрон тижоратга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган, шунингдек, қизиқтирган саволлар бўйича мурожаат қилиш учун телефон рақам келтирилган.

Миллий реестр регулятори – Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази ҳисобланади. Регулятор миллий реестрни юритиш, шакллантириш ва ривожлантириш билан шуғулланади.

Кимлар реестрга киритилиши мумкин?

Электрон тижоратдаги товарлар ва хизматлар савдосидан тушган даромадлари умумий даромадларининг 80 ёки ундан ортиқ фоизини ташкил этган электрон тижорат субъектларигина реестрга киритилади, бу электрон тижоратдаги товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотишдан тушган даромадлар тўғрисидаги банк маълумотномаси ва ҳисоб-маълумотнома билан тасдиқланган бўлиши даркор. Мазкур субъектлар реестрга киритилганидан кейин ягона солиқ тўловини 2 фоиз ставка бўйича тўлашни бошлайдилар.

Реестрга қандай қилиб аъзо бўлиш мумкин?

Реестрга аъзо бўлиш бир нечта босқичлардан иборат:

Биринчи босқичда Электрон тижорат субъекти e-tijorat.uz веб-саҳифасидаги шакларга мувофиқ онлайн ариза беради.

Иккинчи босқичда «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази онлайн аризани биринчи шаклга мувофиқ 10 иш кун мобайнида кўриб чиқади ва тақдим этилган маълумотлар талабларга жавоб берса, учинчи босқичда реестрнинг рўйхатига киритилганлиги тўғрисида хабар беради.

Тўртинчи босқичда Давлат солиқ қўмитаси томонидан электрон тижорат субъектининг солиқ ҳисоботини иккинчи шаклга мувофиқ кўриб чиқади ва бешинчи босқичда агарда электрон тижоратдаги товарлар ва хизматлар савдосидан тушган даромадлари умумий даромадларининг 80 ёки ундан ортиқ фоизини ташкил этган бўлса, олтинчи босқичда 2 фоиз ставка бўйича ягона солиқ тўловчиси бўлиб реестрга киритилади.

Хорижий мамлакатлар тажрибаси

Қозоғистонда 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб янги Солиқ кодекси бўйича ўз фаолиятини онлайн-дўкон ёки интернет-майдонларда юритаётган тадбиркорлар учун солиқ имтиёзларини тақдим этиш кўзда тутилган. Хусусан, юридик шахслар корпоратив даромад солиғидан, якка тартибдаги тадбиркорлар эса даромад солиғидан озод қилинадилар, аммо бунинг учун учта мажбурий шарт бажарилиши зарур: товарларга нақд пулсиз тўловларни амалга ошириш;харидор билан шартномани онлайн тартибда тузиш;тадбиркор ўз етказиб бериш хизматига эга бўлиши ёки товарни ташиш, жўнатиш ва етказиб бериш билан шуғулланадиган шахс билан шартнома тузиши лозим.

Жисмоний шахслар билан электрон савдо қилишдан олинган даромад хўжалик субъекти йиллик ялпи даромадининг 90 фоизини ташкил этсагина, тадбиркор ушбу турдаги солиқдан озод этилиши мумкин.

Беларусда эса электрон тижоратни солиққа тортишнинг махсус тартиби қисман кўзда тутилган. 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб хорижий компаниялар томонидан кўрсатиладиган электрон хизматлардан ҚҚС ундирилишини кўзда тутувчи Солиқ кодекси кучга кирди. Бундан ташқари, электрон тижоратни амалга оширувчи хўжалик субъектлари солиққа тортишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаши мумкин. Уларнинг ставкалари:

  • 5 фоиз — ҚҚС тўловчи ташкилот ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун;
  • 3 фоиз — ҚҚС тўловчи ташкилот ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун.

Озарбайжонда 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб электрон савдога солиқ солиш, хусусан, қўшимча қиймат солиғи солишни (ҚҚС қиймати – 18 фоиз) назарда тутувчи қонун кучга кирди. Ушбу чоралар маҳаллий тадбиркорларни ҳимоя қилиш учун қабул қилинди, яъни юқорида айтилган хизматлар мамлакат ҳудудида норезидентлар томонидан Озарбайжон фуқаролари учун кўрсатиладиган бўлса, ҚҚС харидорлардан олинади.

Булардан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, электрон тижоратни жадал ривожлантиришнинг асосий элементларидан бири — бу давлат томонидан тақдим этиладиган солиқ имтиёзлари.

Имтиёзлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида электрон тижоратнинг ривожланишига туртки берувчи омиллар белгилаб берилган. Жумладан:

  • қонун ҳужжатларига мувофиқ электрон тижорат иштирокчилари томонидан хизматлар кўрсатиш жараёнида ахборот тизимлари томонидан шакллантириладиган, битимлардаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар товарлар (хизматлар) учун тўловларни тасдиқловчи квитанциялар, талонлар, чипталар ва бошқа ҳужжатларга тенглаштирилади;
  • тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон тижорат битимларини амалга оширишда тўловлар виртуал терминаллар (E-POS) орқали харидорга нақд пулни қабул қилганлиги тўғрисида электрон чек ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатни мажбурий юборган ҳамда инкассация қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда пул маблағларини хизмат кўрсатувчи банкка топшириш шарти билан нақд пул шаклида қабул қилиниши мумкин;
  • электрон тижорат субъектлари савдо фаолиятини амалга оширишда тўлов терминалларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг корпоратив банк карталари, шунингдек, электрон тўлов тизимлари орқали тўловларни қабул қилиш ҳуқуқига эгадирлар;
  • электрон тижорат орқали реализация қилинган уч минг АҚШ долларигача бўлган товарлар (хизматлар)ни экспорт қилиш Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилмасдан ва юк божхона декларацияси тўлдирилмасдан почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади;
  • электрон тижорат орқали сотиладиган товарлар (хизматлар) учун уларнинг умумий қийматидан мажбурий 15 фоизли олдиндан тўлов тўлаш талаби бекор қилинади;
  • электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни етказиб бериш бўйича хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига учинчи шахслар (товарларни сотувчилар) учун тўловларни кейинчалик уларни белгиланган тартибда инкассация қилиш шарти билан қабул қилиш ҳуқуқи берилади;
  • электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни сотувчига ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ва бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автомобил транспортида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб етказиб беришда шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобилда йўловчилар ва юк ташишларни амалга ошириш учун лицензия олиш талаб қилинмайди, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;
  • электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилиш, фақат сақлаш ва етказиб беришда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш тартиби ва талабларига қатъий риоя қилган ҳамда қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширишга рухсат этилади.

Электрон тижорат субъектлари миллий реестри шакллантирилиши мамлакатимизда инновацион ривожланиш борасидаги навбатдаги қадамларидан биридир. Бинобарин, глобал тармоқ орқали савдо механизмларининг жорий этилиши ушбу фаолият турини соддалаштиради ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига сезиларли даражада ўз таъсирини ўтказади.

Шавкат Мақсудов,
«Электрон ҳукумат» марказининг
рақамли иқтисодиётни ривожлантириш департаменти бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг