«Суюлтирилган газ 2,5 баробар, шакар эса 19 фоизга арзонлаган» – биржа хабарлари
2022 йилнинг 9 ойлик якунларига кўра биржада 75,2 мингта янги мижозлар рўйхатдан ўтказилди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки маротабага кўп. Биржанинг барча савдо платформаларида фаолият юритаётган мижозларнинг умумий сони эса 200 минг нафардан ошди.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг бошидан буён биржанинг цемент бозорида барқарорлик ҳукм сурмоқда. Ўтган даврда цементнинг барча маркалари бўйича биржада шаклланган ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 606,0 минг сўмдан 589,9 минг сўмгача, яъни 3 фоизга пасайган.
2022 йилнинг июл-сентябр ойларида суюлтирилган газнинг биржадаги нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 056,8 минг сўмдан 4 090,2 минг сўмгача, яъни қарийб 2,5 маротабага тушган.
Худди шундай, июн-сентябр ойларида шакарнинг биржадаги нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 14 554,5 минг сўмдан 11 801,6 минг сўмгача, яъни 19 фоизга арзонлашган.
Шунингдек, сўнгги икки ой мобайнида биржа котировкалари техник олтингугурт бўйича 60 фоизга, поливинилхлорид – 19 фоизга, нефт ва газ конденсати – 17 фоизга, мис – 16 фоизга, буғдой – 15 фоизга ва олтин – 6 фоизга пасайган.
Бундан ташқари, жорий йил май ойидан ун ва ғалла маҳсулотларини очиқ биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотилиб келинмоқда. Ўтган даврда биржа савдолари орқали жами 1,0 млн тоннадан зиёд ун ва буғдой маҳсулотлари сотилди.
Сўнгги кунларда ўтказилган биржа савдо натижаларига кўра уннинг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 818,3 минг сўм, буғдой учун биржа котировкаси эса маҳсулотнинг бир тоннаси учун 3 530,9 минг сўмни ташкил этди. Бунда бозорларда таклиф даражаси етарли бўлганлиги сабабли биржада шаклланган нархлар ушбу маҳсулотларнинг бошланғич нархларига нисбатан ўртача 1 фоизга ўсган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter