Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Сув ҳам бир лойқаланиб тинади...»

«Сув ҳам бир лойқаланиб тинади...»

Фото: «Xabar.uz»

Ўтган ҳафта Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров бошчилигидаги олий маҳкаманинг бир гуруҳ судьялари Андижонда сайёр қабул ўтказди. Кун давомида 100 нафар фуқаронинг мурожаатларига қулоқ тутилди. Сирасини айтганда, судьяларнинг муносабатидан қониқиш ҳосил қилмаган арзгўй қолмади ҳисоб.

Нега?

Биласиз, Олий маҳкамага асосан биринчи инстанция ҳамда вилоят судларининг қарор ва ажримларидан норизо бўлганлар шикоят битади. Аммо «катта»ларнинг қабулига кириш умидида пойтахтга боришнинг ҳам етарлича оворагарчиликлари бор: йўл ҳақи, емоқ-ичмоқ ҳамда меҳмонхона харажатларининг ўзиёқ ўртаҳол ишчининг салкам бир ойлик маошига тенг. Айримларга шугина пулни топиш ҳам катта муаммо. Шу маънода жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар кўпларнинг узоғини яқин  қилиши баробарида кўпларнинг муродини ҳосил қилмоқда ҳам.

Яна денг, тўрт йўналиш бўйича вилоят судларининг раисларидан тортиб барча ходимлари эшик олдида «келинг-келинг»лаб кутиб олса, Олий суднинг масалага дахлдор мутасаддиси ўтирган хоналарга бошлаб кирса... Ҳаёти давомида судга бир неча бор иши тушган оқсоқоллардан бири бундай мулозамат-манзиратга дуч келмаган чоғи, кўзига ёш олворди, ишоновринг?!

Сайёр қабулдаги мурожаатларнинг 40 таси жиноят ишлари бўйича, 22 таси фуқаролик судига, 38 таси эса маъмурий судга тааллуқли бўлди. Уларнинг 35 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди, 60 та мурожаат ўз ўрнида ижобий ҳал этилди. Яна бешта масала бўйича аризалар Олий суд томонидан назорат тартибида ҳал этиш учун қабул қилиниб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди.

Масалан, Асака туманида яшовчи Қаҳрамон Т. ўзига нисбатан юритилган маъмурий иш бўйича суддан енгиллик сўраган.

Хўш, у нима хато қилган эдики, судьянинг кўзларига илтижоли боқиб турибди?

Андижонда ким кўп – киракашлик билан шуғулланадиган «Дамас» ҳайдовчилари кўп. Улар орасида нозирларга чап бериб, лицензиясиз юрганларнинг ҳисобини ҳеч ким билмайди. Қаҳрамон ҳам «Дамас»ини ғизиллатиб, рухсатномасиз юрган кунларининг бирида қўлга тушди. Биласиз, айни ҳолатда ҳайдовчига йўқ деганда энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима «илинади». Бу салкам 4,5 миллион сўм дегани...

Суд ҳайдовчининг ноқонуний фаолияти аниқлангандан сўнг бир ойга етмай тегишли тартибда лицензия картаси олганлиги, муҳими, хатосини тушуниб етганлигини эътиборга олиб, маъмурий жавобгарликдан озод қилди. Қаҳрамон каби худди шу кўйга тушган ўндан зиёд ҳайдовчилар ҳам айни хатони такрорламаслик шарти билан отнинг калласидек жаримадан қутулиб қолишди. Бу — қора қозони кунлик бир сиқим даромадига  аранг қайнайдиган ҳайдовчилар учун катта гап, катта енгиллик...

* * *

Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига дарди ҳол қилиб келган Козим ота Эргашевга қулоқ тутсангиз, ҳасратидан чанг чиқади.

Тасаввур қилинг, уч опа-сингилдан бири анча йиллар олдин вафот этган. Ҳаётлик чоғида уй-жойини ёлғиз қизига мерос қилиб қолдирган. Аммо орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, фарзанди – ягона ворис ҳам оламдан ўтган. Хуллас, марҳуманинг турмуш ўртоғи ва бола-чақаси йўқлиги учун унга тегишли мол-мулклар икки холаваччаси ўртасида (катта ва кичик холаларнинг болалари) тенг тақсимланиши керак.

Бироқ холаваччалардан бири «улоқ»ни илиб кетади. Бир неча бор судлашилса-да, ҳал қилув қарорлари унинг фойдасига чиқаверади. Козимжон ота уддабурон холавачча туғилганлик гувоҳномасини алмаштириб, онасининг исми ўрнига марҳума холасининг номини ёздириб олганлиги эвазига қўли баланд келаётганлигини иддао қиляпти.

Олий суд судьяси Козимжон ота Эргашевнинг қуйи суд қарорлари юзасидан эътирозларини диққат билан тинглади, тақдим этилган ҳужжатлар билан танишди, пировардида муаммони ҳал этиш учун ишни нимадан бошлаш зарурлиги ҳақида ҳуқуқий тушунтириш берди.

— Асли бу низода мен даъвогар ҳам, жавобгар ҳам эмасман — бор-йўғи гувоҳман, холос, — дейди ёши салкам саксонни қоралаган оқсоқол. — Сохта ҳужжатлар эвазига ҳақ-ҳуқуқи бузилиб, меросдан улуш ололмаётган маҳалладошимнинг туриш-турмуши оғирлигини кўриб, виждоним қийналганидан югуриб юрибман. Судьянинг «қорин тўйдирадиган» маслаҳатларини олдим. Астойдил уриниб кўраман, умид қиламанки, адолат қарор топади!

* * *

Шу куни тушдан сўнг Олий суд судьялари Андижон давлат университетида ёшлар билан учрашишди. Талабаларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини ошириш бўйича тушунтириш ва тавсиялар берилди. Шунингдек, улар фойдаланишлари учун бир қатор ҳуқуқий адабиётлар ҳадя қилинди.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, диний уламолар иштирокида ўтказилган тадбирда эса ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

...Зал тўла одам. Ёш келин-куёвлар, қуда-андалар, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари. «Бўлди, яшамайман, оилам билан ажрашаман!» деган жуфтликларнинг гап-сўзларига қулоқ тутсангиз, аксариятида айтарли жиддий асос йўқ: аксарияти арзимас, майда-чуйда гап-сўзлар, қудалар ўртасидаги муносабатлардан келиб чиққан майда муаммочалар... Бироқ вазият шу даражада тарангки, мўлтираб турган полвончалар, қақажон қизалоқларнинг тирик етим бўлиб қолишлари ҳеч гап эмас!

Аввалига сўз олган Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров залдаги вазиятдан келиб чиқиб, «Фарзанд омонат» ҳамда «Ота» номли қисқа метражли бадиий фильмлар намойишидан сўнг мулоқотни давом эттириш таклифини билдирди. Айтиш мумкинки, оиласига дарз кетгач, не-не синовларга дучор бўлган икки инсон тақдири ҳақидаги таъсирчан лавҳалардан сўнг нотиқ тағин залга эътибор қаратди: боягина шаштидан қайтмаётган унча-мунча тажанг қиёфаларнинг ҳам дийдаси юмшаб, кўзлари намланган...

—  Андижон — ҳазрати Бобур киндик қони томган диёр. Бобур авлодлари аёлини улуғлаб, унинг номига жаҳонга машҳур саройлар қурган. Ҳиндистондаги «Тож маҳал»ни кўз олдингиз келтиринг, — деди нотиқ салмоқлаб. — Шундай буюк зот туғилган гўшада бугун ёш-ёш навқиронлар «ажарашама-ан» деб туриши оғриқли ҳол эмасми?!  «Қайтар дунё» деган ҳикмат бежиз эмас: бугун меҳрингиздан мосуво бўлган, ота-онасидан ажралган боладан кексайган чоғингизда оқибат кутиш ақлдан эмас. Болаларнинг кўз ёшига, уволига қолишдан қўрқиш керак. Йиллар ўтиб ёшингиз бир жойга борганда, қизингиз қирга, ўғлингиз ўрга кетганда, сизга фақат мана шу жуфти ҳалолингиз суянчиқ бўлади. Ҳар қандай оилада талашиш-тортишиш бўлиб турди, аммо вақт ўтиши билан ҳаммаси изига тушади. Сув ҳам бир лойқаланиб тинади-ку, ахир?!

Муболаға йўқ: нотиқнинг ҳаётий ҳикматга тўла гап-сўзларидан зал ларзага келди. Боягина «Бўлди, оилам билан яшамайман!» деган келин-куёвлар шартта ўрнидан туришди: «Бўлди, тушундик, ярашамиз!»

Шу жойнинг ўзидаёқ 22 та оила яраштирилди, бу 32 нафар вояга етмаган бола ота-онаси қарамоғида вояга етади дегани, насиб...

Сайёр қабулдан энг катта натижа шу бўлди, аслида.

Нурилло Нўъмонов, журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг