Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сурхондарёда ИИБ ходимлари бир фуқарони ваҳшийларча қийнаб ўлдиргани айтилмоқда

Сурхондарёда ИИБ ходимлари бир фуқарони ваҳшийларча қийнаб ўлдиргани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Оқтом маҳалласида яшаган Ҳасан Хушматовни ички ишлар ходимлари мажбурлаб идорага олиб кетиб, ваҳшийларча қийнаб ўлдиргани ҳақида мурожаат тарқалди.

Марҳумнинг рафиқаси айтишича, оилавий можародан кейин томонлар келишиб олишган бўлса-да, Ҳасан Хушматовни ИИБ ходимлари мажбурлаб олиб кетишади. Аёлнинг участка нозирига мурожаати ҳам эътиборсиз қолдирилади. «Сен аралашма», деган жавобни олади. Бироз вақт ўтиб, аёлнинг яқинлари эри касалхонада ётганини айтишади.

Видеомуражаатда айтилишича, эркакнинг жароҳатланмаган жойи қолмаган ва аёвсизларча калтакланишдан жуда аянчли ҳолга туширилган.

Эслатиб ўтамиз, бу ИИБ ходимларининг фуқароларни қийноққа солиши ортидан уларнинг вафот этиши билан боғлиқ ягона ҳолат эмас. Бундай фожиали воқеалар аввалроқ Андижонда ва Қашқадарёда кузатилган  ҳамда тасдиғини топган эди.

Яқинда Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро ҳам ички ишлар ходимлари куч ишлатишидан тан жароҳати олгани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура матбуот хизмати ушбу ҳолат ўрганилаётгани ҳақида баёнот бериб,  терговга қадар текшириш олиб борилаётганини билдирганди.

Ўша хабардан кейин Ички ишлар вазири матбуот котиби Ш.Ғиёсовнинг «баёноти» пайдо бўлган ва унда вазиятни хаспўшлаш, ҳамкасбларига нисбатан «адабий адвокатлик» қилиш, ўрганилаётган воқелик натижасини аввалдан башорат қилишга уринилган эди. Камига, хабарни эълон қилган сайт ходимлари «узр сўраб», ахборотни ўчириши лозимлигини иддао қилиб чиққанди.

Энди бу аянчли воқеага нима дейсиз, жаноб Ғиёсов?

Юқоридаги ҳолат юзасидан Бош прокуратурадан батафсил изоҳ кутиб қоламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг