Сурхондарё вилояти ҳокимига иккита ўринбосар тайинланди
2019 йилнинг 19 сентябрь куни Сурхондарё вилояти ҳокимлигида фаоллар йиғилиши ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Тўра Боболов, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, ҳокимлик аппарати масъул ходимлари, шаҳар, туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, Президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев иштирок этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бериб ўтди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Чориев Рўзимурат Кунгратович бошқа ишга ўтиши муносабати билан Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимидан озод қилинди.
Шу кунгача Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали директори лавозимида ишлаб келган Бегимқулов Чори Раҳмонович вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Маълумот ўрнида, Бегимқулов Чори Раҳмонович 1974 йилнинг 10 октябрида Шеробод туманида туғилган. 1998 йилда Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган. 2017 йилда ТДАУ Термиз филиали директори этиб тайинлангунга қадар Тошкент давлат аграр университетида самарали фаолият юритган.
Гаппаров Раҳматулло Бобохонович Қумқўрғон тумани ҳокими этиб тасдиқланиши муносабати билан шу кунгача Қумқўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Саматов Холмамат Жўраевич вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Маълумот ўрнида, Саматов Холмамат Жўраевич 1965 йилнинг 25 августида Денов туманида туғилган. 1987 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институти, 1993 йилда Москва қишлоқ хўжалиги академиясини тамомлаган. 2019 йилнинг 27 февралида Қумқўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлангунга қадар вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси тизимида, вилоят ҳокимлигида турли вазифаларда, 2009-2016 йилларда Олтинсой тумани ҳокими лавозимида фаолият юритган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter