Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сурхондарё ва Жиззахдаги ЙТҲларда мактаб ўқувчилари ҳалок бўлишди

Сурхондарё ва Жиззахдаги ЙТҲларда мактаб ўқувчилари ҳалок бўлишди

Сурхондарёда 14 ёшли мактаб ўқувчиси томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ўзи билан тенгдош бўлган қариндоши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, 2022 йил 9 октябр куни соат тунги 1:00 ларда Шўрчи туманида «Nexia» русумли автомашинани бошқариб кетаётган вояга етмаган бола Ёшғайрат маҳалласи ҳудудида бошқарувни йўқотган ва ЙТҲ содир этган.

Натижада, автомобилни бошқариб кетаётган боланинг қариндоши бўлган йўловчи – 2008 йилда туғилган бола оғир оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Шўрчи туманида тегишли идоралар, мактаб ва маҳалла фаоллари ҳамда аҳоли вакиллари иштирокида муҳокама бўлиб ўтди.

Шунингдек, М-39 «Тошкент-Термиз» автомобиль йўлида «Cobalt» русумли автомашина ҳайдовчиси йўл четида тўхтаб турган трактор тиркамасига бориб урилиши натижасида ЙТҲ қайд этилган ва натижада машинада бўлган мактаб ўқувчиси ҳалок бўлган.

Жиззах вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси катта инспектори Эркин Очиловга кўра, воқеа жойи сунъий ёритилган бўлган. Автоҳалокатга эса «ҳайдовчининг тажрибасизлиги ва эътиборсизлиги ҳамда йўл ҳаракати қоидалари қўпол равишда бузилгани сабаб» содир бўлган.

Ҳайдовчи эса тиркамада ёруғлик қайтарувчи мослама йўқлиги сабабли тезликни пасайтиришга улгурмаганини айтади.

Хабарда айтилишича, машинада ҳали мактабни тугатмаган, туғилган кунга кетаётган тўрт нафар ўсмир ҳам бўлган. Ҳодиса оқибатида уч нафар йўловчи ва ҳайдовчи касалхонага ётқизилган.

Жароҳатланганлардан бири оғир аҳволда экани ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалига ётқизилгани айтилмоқда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг