Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сурхондарё ҳокими билан жанжаллашган директор етти суткага қамалган

Сурхондарё ҳокими билан жанжаллашган директор етти суткага қамалган

Олий суд матбуот хизмати Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов билан мажлисда тортишган мактаб директори борасида баёнот берди. Унда айтилишича, директор етти суткага қамалган. 

Айтилишича, жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг 2023 йил 26 июлдаги қарори билан У. Турсунова (1982 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган, Сариосиё туманидаги 28-сонли мактаб директори вазифасида ишлайди) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқубузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) 2-қисмига асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 28 июлдаги қарорига мувофиқ У. Турсуновага нисбатан жиноят ишлари бўйича Узун туман суди томонидан 2023 йил 26 июлда чиқарилган қарор ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 1 августдаги ажримига кўра У. Турсуновага нисбатан биринчи ва апелляция инстанция судлари чиқарган қарорлари ўзгартирилиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, дейилади хабарда.

Маълумот учун: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-25-моддаси (ишни кассация инстанцияси судида такроран кўриш) талаби бўйича кассация инстанцияси суди маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни Олий суд раиси, Бош прокурор ёки уларнинг ўринбосарлари киритган протестга кўра кассация тартибида такроран кўради. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақидаги протест кассация инстанцияси судининг ажрими чиқарилган кундан эътиборан олти ойлик муддатда келтирилиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг