Сурбетлик синдроми ёки шармандага шаҳар кенг
Бундан роппа-роса 10 йил олдин Тошкентдаги «Олой» бозорида «тухумлар жанги»нинг гувоҳи бўлганман. Тушлик пайти эди. Бақир-чақир овозидан сергакланиб ўша томонга юрдим. Не кўз билан кўрайки икки сотувчи аёл даҳанаки жанг қиляпти. Уларнинг оғзидан чиқаётган қўпол ва уят сўзларга илон ҳам пўст ташлайди.
Бу икки аёлга соч юлишлар, тепишишлар, юлишишлар ҳам камлик қилди. Уларни одамлар ажратиб қўйгач, олдиларида турган тухумларни бир-бирига ота бошлади. Ер шилимшиқ тухумнинг оқу сариғига булғанди. Аёлларнинг юзига, уст-бошига қараб бўлмайди.
Шаҳарнинг марказидаги бозорда чет эллик сайёҳлар ҳам оғзини очганича ушбу воқеанинг гувоҳи бўлишди. Очиғи ўша куни мана шу икки аёлнинг ўзини тутиши орқали халқимизнинг ўзга юрт вакиллари олдида таҳқирлангандай ҳис қилгандим. Ва мақола ёзилди — «Жазава». Ҳаётим давомида бундай жазаваларнинг кейинчалик ҳам кўп марта гувоҳи бўлдим...
У пайтлари интернет бу қадар ривожланмаган эди. Энди эса кунда-кунора бундай жазаваларнинг кўпига шоҳид бўлаяпмиз ва буларни илк бор кўрганим «тухум жанги»дек эсдан оғар даражада ҳайратланмай кузатаман.
Назаримда сурбетлик синдроми авж олиб кетаётгандек. Яқин бир йил ичида интернет, ижтимоий тармоқлар орқали қанчадан-қанча воқеаларни муҳокама қилмадик. Ҳатто бу муҳокамалар ОАВ воситалари орқали катта-катта мақолаларнинг ёзилишига ҳам сабаб бўлди. Баъзи муаммоларга бир қадар ечим ҳам топилгандек. Аммо...
Яқинда бир ташкилотнинг раҳбарига «фалончининг айбини кўрсатаман деб ўзингизнинг ҳам сирларингиз очилиб қолди, халққа ошкор бўлди», деган гап айтилганида раҳбар шундай жавоб берган экан: «Сиз айтаётган инсон бир неча бор қовун туширди, ҳафталаб кун мавзусига айланди, мана қорлар ёғиб излар босилди, унутилди, менинг ҳам хатоимни, ошкор бўлган уятли сиримни унутиб юборишади».
Ҳа, кейинги пайтда масъул раҳбарларнинг қовун туширишию ҳатто ҳафталаб кун мавзусига айланиши ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Нега? Чунки қовун туширган одам, муҳокамалар марказида бўлган масъул шахс шунча гапдан кейин ҳам сиртига сув югуртираётгани йўқ. Нари борса, бир оғиз кечирим билан кифояланмоқда. Ва, энг ачинарлиси, бу қилган ишидан зарра виждони қийналмаётгани. Қанчадан-қанча масъулию бемасъули хато иш қилиб, спектакллар уюштириб, сўкиниб, одамларни ҳақоратлаб муҳокамалар марказида бўлди. Халқнинг эътирозини келтириб чиқарди, ўзига нисбатан ишончсизликни шакллантирди, назардан четда қолди, аммо бирортасининг ўз хоҳиши билан ишдан бўшаганини, истеъфога чиққанини эшитмадик.
«Бетимнинг қалини жонимнинг ҳузури» каби мақоллар фақатгина бизнинг менталитетга хосу мосдек туюлади баъзан. Яна сурбетлик, безбетлик иккинчи бахт ҳам деб қўямиз. Асл фожиа ҳам шунда. Шундаки бундай субутсизликлар, сурбетликлар давом этаверар экан, одамлар хато қилишдан қўрқмайдмилар ва энг ёмони, хатони тузатиш ҳақида ўйламай қўядилар.
Фалончи ўлиб қолмадию, мен ҳам ўлмайман, фалончи ишлаб юрибдию, менам ишлаб юравераман, фалончининг қилган ишини одамлар унутдию, меникини ҳам унутишади, деган қарашлар шаклланиб бўлди. Бу эса минг йиллик «уят — ўлимдан қаттиқ» деган мақолнинг зарра қиймати қолмаганини, энди бу сўзни бемалол луғатимиздан чиқариб ташласак ҳам бўлаверишига ишора. Фожианинг яна бир илдизи униб келаётган ёш авлоднинг эти ўлиб бораётгани. Мен хато қилсам кечирасан, кечиришади, унутишади деган қарашнинг, кайфиятнинг шаклланиши.
Ўшанда мен икки тухум сотувчисининг қилган ишини ўзбек халқига иснод деб тушунгандим. Тошкент шаҳар ҳокими ва Кун.узчилар ўртасидаги воқеа ҳам менга, умуман, бутун журналистикага исноддек бўлиб туюлди. Осонгина таҳқирлаб, яна ҳеч нарса бўлмагандек осонгина «муроса» қилиниши бошқалар устидан кулишга ўхшаб кўринади менга. Аниқ биламан, ҳозир шунча шов-шувлар, шунча шармандагарчиликлар унутилади, бизни ҳам унутишади, деган юпанч билан ўз ишларини ғайрат билан давом эттиришаётганига зарра шубҳа йўқ.
Бундан ўн йил олдинги тухум сотгичлар воқеаси яна хотирамда қайта жонланди. Эртасига яна тушлик пайти бозор ораладик. Мен булар энди шармандачиликдан бозорга келмасаям, савдо қилмасаям керак деб ўйлагандим. Не кўз билан кўрайки, ўша расталар қаторида юзлари тимдаланган қаҳрамонлардан бири қўли-қўлига тегмай савдо қиларди. Мен ҳамкасбимга юзландим: «Ана кечаги қаҳрамонлардан бири». Кўзим ногоҳан унинг ёнида турган яна бир тухум сотувчига тушди.
—Вой, булар ярашиб қоптию, дедим анграйганимча.
Ҳамкасбим кулди ва деди:
—Ҳа, бу бозор....шармандага шаҳар кенгда...
Англаганим шу бўлдики, сурбетлик ва субутсизлик бошланган жойда одамийлик ва виждон тугар экан...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter