Starlink Ғазога интернет бермоқчи. Исроил компания билан алоқасини узганини эълон қилди
Илон Маск Ғазодаги халқаро ташкилотларга интернет алоқасини тиклашда ёрдам беришга ваъда берди.
Starlink сунъий йўлдош алоқа хизматлари Ғазо секторида гуманитар ёрдам кўрсатувчи халқаро тан олинган ташкилотларга тақдим этилади. Бу ҳақда Starlink асосчиси Илон Маск ўзининг Х ижтимоий тармоғида ёзган.
«Starlink Ғазо секторидаги халқаро миқёсда тан олинган ёрдам ташкилотлари алоқасини тиклайди», – деб ёзди Маск.
Маск Ғазо секторида Starlink’ни «ердаги» алоқа йўллари билан улаш учун ким масъул эканини билмаслигини айтади. Унинг таъкидлашича, шу кунга қадар Ғазодан биронта ҳам терминал Starlink сунъий йўлдошлари гуруҳи билан алоқа ўрнатишга уриниш бўлмаган. Бироқ, тадбиркор халқаро ташкилотлар ва БМТ учун алоқаларни тақдим этишга ваъда берди.
Шу билан бирга, Фаластин миллий маъмуриятининг алоқа вазири «Ал-Ҳадатҳ» телеканалида маъмурият Старлинк компанияси билан Ғазода алоқани тиклаш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, компания ижобий жавоб берган.
27 октябрь оқшомида Ал Арабия телеканали Исроил армияси Ғазо сектори шимолини ҲАМАС билан уруш бошланганидан бери энг йирик бомбардимонларга дучор қилгани ҳақида хабар берди. Гуруҳ вакилининг айтишича, Исроил Ғазода «алоқа ва интернетнинг катта қисмини узиб қўйган».
Кейинроқ Фаластин Қизил Ярим Ой Жамияти ташкилотнинг Ғазо секторидаги оператив штаб-квартираси ва минтақада ишлаётган мутахассислар билан алоқани бутунлай йўқотгани ҳақида хабар берди. Ташкилотнинг тушунтиришича, алоқа узилишлари тез ёрдам 101 ишонч телефони ишига таъсир қилган, бу эса жабрланганларга ёрдам кўрсатишни қийинлаштиради.
Ўз навбатида, Илон Маскка жавобан Исроил унинг компанияси билан алоқаларни узганини эълон қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter