Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қизларнинг гинекологик текширувдан ўтказилишига изоҳ берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қизларнинг гинекологик текширувдан ўтказилишига изоҳ берди

Фото: «Xabar.uz»

Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзи тарғиботи, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилмоқда. Аммо айрим хориж интернет нашрларида ушбу тиббий кўриклар хусусида нохолис ахборотлар тарқатилаётир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати ноаниқ манбалардан олинган ва турлича талқин этилаётган ахборотларга ойдинлик киритди.

Айтилишича, жорий йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Халқ таълим ва Мактабгача таълим вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази томонидан «Аҳолини мақсадли патронаж билан қамраб олиш, уларда тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда оила ва таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш тўғрисида»ги қўшма қарори имзоланган. Ушбу қарорга кўра, мамлакатимизда репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва касалликларнинг олдини олишга қаратилган бирламчи профилактика ишларига бешта ташкилот масъул этиб белгиланди. Ушбу ташкилотлар ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

— Ҳозирда мамлакатимиздаги кўплаб таълим муассасаларида ҳудудий оилавий поликлиникаларнинг тор соҳа мутахассислари, «Саломатлик мактаблари» аъзолари иштирокида тиббий кўриклар, саломатлик соатлари ўтказилмоқда, — дейди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова. — Бундан кўзланган мақсад, мактаб ўқувчилари соғлиғини мустаҳкамлаш, касалликлар профилактикасини эрта ташкил этиш, уларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришдир. Ушбу тадбирларда, айрим хорижий интернет нашрлари талқин этганидек, фақат қизлар гинеколог кўригидан ўтказилаётгани йўқ. Бунга тиббиётнинг ўнга яқин  тор соҳа вакиллари, хусусан, офтальмолог, стоматолог, хирург, невропатолог, эндокринолог, оториноларинголог, болалар гинекологи, УТТ мутахассиси каби шифокорлар жалб этилмоқда. Кўрикларда нафақат қизлар, балки ўқувчи ўғил болалар ҳам чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур ҳолларда диспансер назоратига олинмоқда.

Қайд этилишича, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, ҳозирда оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида ўсмир қизлар ва фертил ёшидаги аёллар учун «аёллар маслаҳатхоналари»ни ташкил этиш борасида ишлар изчил олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг