Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини огоҳликка чақирди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини огоҳликка чақирди

Фото: Xabar.uz

Ижтимоий тармоқлар орқали юртимизда вакцина олган фуқаролар учун 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш берди. 

«Сир эмас, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда содда одамлар ишончига кириб, уларнинг банк пластик карталаридаги шахсий пул маблағларини алдов йўли билан қўлга киритиш ҳоллари тез-тез учрамоқда.

Хусусан, интернет орқали юртимизда вакцина олган фуқаролар учун 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилаётгани ҳақидаги асоссиз, ҳеч қандай ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар айни ана шу мақсадда такрор-такрор тарқатиляпти.

Шу боис вазирлик аввал ҳам мазкур ёлғон ахборотлар бўйича бир неча бор ўз муносабатини билдирган ва аҳолидан бундай маълумотларга ишонмасликларини сўраган эди.

Бироқ уйдирма хабарларни тарқатувчи бу каби кимсалар одамлар ишончини қозониш учун янги-янги алдов усулларини қўлламоқда. Яъни, эндиликда улар интернетда Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан махсус саҳифа очиб, аҳолини ўз тузоғига илинтиришга уриняпти.

Жумладан, вазирликнинг расмий веб-сайти билан бир хил дизайнда тайёрланган саҳифанинг асосий фонида вакцина олганларга 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилиши айтилган. Бунинг учун шахсий маълумотларни киритиш сўралган.

Аслида юқорида келтирилган ахборот фирибгарлик мақсадида тарқатилган бўлиб, ҳеч қандай расмий асосга эга эмас» дейилади баёнотда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг