Соғлиқни сақлаш вазири глобал муаммо ечимини айтди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган бу галги республика оммавий тадбири «Саломатлик сари қадам куни» дея номланди.
Аҳолининг соғлом турмуш тарзига амал қилишини қўллаб-қувватлаш ҳамда жисмоний фаолликка чорлашни мақсад қилган мазкур тадбир юртимиздаги барча туман ва шаҳарлардаги истироҳат боғларида ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
–Бугунги кунда инсонларда камҳаракатлилик оқибатида юзага келаётган турли касалликлар дунё миқёсида глобал муаммога айланган. Бу нафақат жамият учун, балки ҳар бир шахснинг ўзи учун ҳам жиддий ташвишдир, – дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. – Шу боис соғлом турмуш тарзига амал қилиш юқоридаги каби глобал муаммоларга ечим бўлади. Президентимиз тиббиёт ходимлари олдига касалликни эмас, аввало, унинг профилактикасига эътибор қаратишни муҳим вазифа сифатида қўяётгани ҳам бежиз эмас. Шунинг учун вазирлигимиз ушбу йўналишдаги тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада оммавий тадбирларни мунтазам ўтказиб келмоқда. Бу эса аҳолининг жисмоний фаолликка бўлган қизиқишини ошириб, ўз саломатлигига эътиборли бўлишида муҳим ўрин тутмоқда. Бугунги тадбирни ҳам бежизга юриш билан бошламадик. Мунтазам юриш қон босимини меъёрда ушлайди, хотиржамлик бахш этади. Масалан, тоза ҳавода, ҳатто, ёмғирли кунда ҳам атиги 25 дақиқа сайр қилсангиз, ўзингизни бахтли ҳис қиласиз, тушкунликни енгасиз.
Заҳриддин Муҳаммад Бобур номидаги марказий экобоғда жам бўлган Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ҳамда бошқа ҳамкор давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларининг оммавий равишда 4 километрга юриши билан Саломатлик сари қадам кунига старт берилди. Шунингдек, ҳар бир муассаса жамоалари шахмат, шашка, югуриш, эстафета, арқонда сакраш, бадминтон, стол тенниси, спорт юриши, тўсиқлардан ўтиш эстафетаси ҳамда халқа айлантириш спорт турлари бўйича ўзаро беллашди. Ушбу спорт турларидаги мусобақаларда қатнашиш, аввало, саломатлик гарови. Шунингдек, мантиқан фикрлаш, хотира ва диққатни чархлайди, бўғимларнинг ҳаракатчанлиги яхшиланиб, куч, тезлик, чидамлилик ва қобилиятни тарбиялайди. Бундан ташқари, юқори елка камари, оёқ-қўллар мушаклари иши фаоллашиб, организмнинг ҳамма аъзолари ва тизимлари иши рағбатлантирилади.
Оммавий тадбир доирасида аҳолининг саломатлик ҳолатини баҳолаш, ноинфекцион касалликларни келтириб чиқарувчи хавф омилларини аниқлаш ҳамда уларнинг профилактикаси бўйича тегишли маслаҳатларни бериш мақсадида вазирлик томонидан «Саломатлик майдончалари» ташкил қилинди.
Эслатиб ўтамиз, келгуси шанба, 30 март вазирлик томонидан мамлакатимиз ҳудудларида Велосипедда сайр куни ўтказилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter