Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сўгал хавфлими? Шифокор айрим тафсилотларни очиқлади

Сўгал хавфлими? Шифокор айрим тафсилотларни очиқлади

Халқ тилида сўгал ёки «ортиқ» деб аталувчи нуқсонларнинг айримлари ташқи экологик омиллар, кимёвий таъсирлар ва қуёшнинг ультрабинафша нурлари натижасида келиб чиқса, баъзиларини турли вирус ва инфекциялар чақиради.

Хўш, булар инсон саломатлиги учун қанчалик хавфсиз?

Ушбу саволга Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Аваз Иноятов жавоб берди.

 — Терида пайдо бўлувчи ўсимталар хавфли, хавфсиз, юқумли ва юқумсизлигига қараб алоҳида турларга ажратилади, — дейди мутахассис. — Хусусан, базалиома, ясси тери тўқималари ўсмаси ва меланома хавфли, сирингома, ёғ безлари гиперплазияси, ксантелазма, милиума, кератома кабилар эса хавфсиз ўсмаларга киради.

Бугун тиббиётимизда теридаги ҳар қандай нуқсон ва касалликларни кечиктирмай аниқлаш ҳамда даволаш бўйича етарли шарт-шароит мавжуд. Диагностика ва даволаш жараёнида юқори технологик усуллар ҳамда замонавий шифо усулларидан фойдаланилади.

Фақат ҳар бир киши ўз саломатлигига бефарқ бўлмай, вақтида шифокор қабулига бориши ва тавсияларга амал қилиши лозим. Афсуски, баъзилар терида пайдо бўладиган сўгал ва «ортиқ» каби ўсмаларни ўз билганича юлиб ташлаб, ҳар хил суртмалар билан даволашга ҳаракат қилади.

Бу мутлақо нотўғри бўлиб, соғлик учун хавфлидир. Негаки, терида пайдо бўладиган ҳар қандай муаммо бирор касаллик белгиси бўлиб, уни шифокор назорати остидагина даволаш лозим. Акс ҳолда хавфли ўсмалар ривожланиши ёхуд хавфсиз ўсимта инфекциялари организмга ёйилиб, иккиламчи хасталикларни чақириши мумкин.

Тиббиётимизда хавфсиз ўсмалар электрокоагуляция, криотерапия, лазер деструкция, радиотўлқинли усуллар ва тиббий препаратлар билан даволанмоқда. Хавфлилари эса жарроҳлик, нур ва кимётерапия усулида муолажа қилиняпти. Муҳими, бу жараёнда кутилган натижага эришиш ва касалликни бутунлай бартараф этиш учун уни ўз вақтида аниқлаш зарур. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг