Собиқ ташқи ишлар вазири Владимир Норов нафақага чиқди
Фаолияти давомида икки марта Ўзбекистон ташқи сиёсатига масъул вазир лавозимида ишлаган Норов Владимир Имамович Марказий Осиё халқаро институти директори лавозимидан нафақага чиқди.
Владимир Норов 1955 йилда, Бухоро вилоятида туғилган. Ушбу ўзбек дипломати 2022 йилнинг 30 декабридан Марказий Осиё халқаро институти директори вазифасида ишлаб келган бўлсада, кўп йиллар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида турли лавозимларда ишлаб келган.
Жумладан, 2022 йил 27 апрелдан 30 декабргача ва 2006-2010 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, 2019-2021 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби, турли йилларда Ўзбекистоннинг Германия, Польша, Швейцария, Люксембург ва Белгиядаги элчиси лавозимларида ишлаган.
Норов иккинчи марта ТИВ раҳбари этиб 2022 йилнинг 27 апрелида келган ва бу лавозимда Абдулазиз Камиловни алмаштирган эди.
Абдулазиз Камилов эса 2022 йилнинг 17 март куни Сенат йиғилишида Ўзбекистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олишини маълум қилган ва ортидан Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳам тан олинмаслигини билдирган эди.
Шундан сўнг Камилов сиёсий доиралардаги тадбирларда кўринмай қолган ва Сенатдаги чиқишидан 12 кун ўтиб унинг “сурункали хасталиги сабабли Тошкентда даволангани”, кейин эса “чет элда даволангани” маълум қилинган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter