Словения ҳукумати ҳам Фаластинни расман тан олиш жараёнини тезлаштирди
Словения ҳукумати Фаластин давлатини расман тан олиш таклифини маъқуллади. Бу ҳақда ҳукумат йиғилиши якунлари бўйича бош вазир Роберт Голоб маълум қилди.
Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ушбу ташаббусни тасдиқлаш учун Миллий Ассамблеяга (парламент) юборган.
Келгуси ҳафта Қонунчилик палатаси ушбу масалани овозга қўйиши кутилмоқда.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, Словения Фаластинни 1967 йилги чегаралар доирасида ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига мувофиқ мустақил ва суверен давлат сифатида тан олиш ниятида.
Унинг таъкидлашича, ҳозир Яқин Шарқда доимий тинчликни таъминлаш ва икки давлат қарорига ўтиш учун қулай вақт.
Любляна май ойи бошида Фаластинни тан олиш жараёнини бошлаган эди. Бироқ мамлакат расмийлари Ғазо секторидаги «вазият яхшиланмагунча» қарор қабул қилиш кечиктирилган эди. Яқинда Исроилнинг Рафаҳдаги тинч аҳоли чодирларига берган ҳаво зарбаларидан сўнг Словения процедурани тезлаштиришга қарор қилди.
Фаластин ҳозирда БМТга аъзо 140 дан ортиқ мамлакат томонидан давлат сифатида тан олинган.
Бир муддат олдин, яъни 28 май куни ҳам Испания, Норвегия ва Ирландия Фаластинни мустақил давлат сифатида расман тан олган эди.
Исроил томони эса янги уйғонган «тан олиш тўлқини» кескин қоралаб келяпти. Улар мазкур давлатларнинг бу қарорга келишини «терроризмни рағбатлантириш» дея номлашди. Исроил давлатининг элчилари Фаластинни тан олишга қарор қилган бир қанча давлатлардан чақириб олинган.
Синхуа агентлигининг 31 май ҳолатига келтирган маълумотига кўра, 2023 йилнинг октябридан то шу кунга қадар Исроил ҳарбийлари Ғазода 36 224 нафар фаластинликни ўлдирди. 81 777 нафар маҳаллий аҳоли ярадор бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter