Сизга яхши ходим керакми? Сиз-чи, қандай раҳбарсиз?
Иш берувчига бугун ҳар томонлама замон талабларига жавоб берадиган, масъулиятли, фидойи, ўз ишининг устаси бўлган ходимлар керак.
Аслида «яхши ходим», «масъулиятли ходим», «ўз ишининг устаси», «фидойи ходим» каби тушунчалар қандай мезонлар асосида ўлчанади?
Яхши ходим. Раҳбарият топшириғисиз ташаббускорлик асосида янгилик яратади. Унда фидойи ходим ким? Иш вақтидан ташқари пайтларда ҳам ташкилот манфаати, унинг обрў-эътибори учун жон куйдирадиган, шахсий ҳаётига ҳадеганда вақт ажрата олмайдиган инсондир, балки. Яхши ходим. Бу раҳбарият топшириқларини сўзсиз бажарувчи ходимми ёки ўз ишини пухта бажарувчими? Масъулиятли ходим-чи? Унга юклатилган вазифаларни сидқидилдан адо этади. Ўз ишининг устаси бўлганлар-чи? топшириғисиз ташаббускорлик асосида янгилик яратади.
Албатта, биз ўзимизнинг қаричимиз билан ўлчаган ҳолда «яхши ходим», «керакли ходим» сингари тушунчаларга аниқлик киритмоқчи бўламиз. Лекин раҳбарлар назарида бу тоифа ходимлар қандай эканлигини фақатгина уларнинг қаричлари билади!
Кузатувлар асосида шуни айтиш мумкинки, одатда маълум бир жойда ишловчи инсонлар тахминан 3 тоифага бўлинади. Ҳаётий кузатувлар асосида юзага келган мезонларга тўхталсак:
Биринчи тоифа ходимлар: «Куним ўтгани ҳисоб», деб ишлагувчилар;
Иккинчи тоифа ишчилар: улар фақатгина раҳбарият кўзига яхши кўриниш учун ўзини ишлаган қилиб кўрсатувчилар;
Учинчи тоифадаги ходимлар: бундай шахслар ўз ишини билади ва астойдил бажаради. Аммо қилган меҳнатини кўз-кўз қилмайди. Улар берилган топшириқларни хатосиз бажаришга интилиб, керагидан ортиқча юкламалар билан ишловчилардир.
Одатда, учинчи тоифадаги ходимлар кўп ишласа-да, раҳбарият кўзига кўп ҳам кўринмайди. Бир ўзи бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани бажарса-да, нолимайди. Тўғрироғи, «шу ишни қилишим керак экан» қабилида иш тутади. Лекин иш берувчилар учинчи тоифадаги ходимлар эвазига унинг ташкилоти муваффақиятга эришаётганини ҳар доим ҳам билавермаслиги мумкин.
Психологлар бир нечта вазифани бажарувчи ходимлар ҳақида ҳар хил изоҳларни берадилар. Айримлари бундай тоифадагиларни корхона, ташкилот фойдасига маъқул вариант деса, айримлари эса бу вариантни унча хушламайди. Аслида эса бунинг сабабини раҳбарлардан сўраган яхшироқ назаримизда.
Бугун ўз атрофига ҳар томонлама замон талабига жавоб берувчи мутахассисларни йиғиб, ўз командасини шакллантираётган раҳбарлар кўп. Улар учун кузатувларимиз асосида шаклланган бир нечта эслатма тарзидаги қоидаларни келтириб ўтмоқчимиз.
— Ҳар доим ҳам қўл остингиздагилар Сизнинг топшириғингизни Сиз истагандек бажармаслиги мумкин. Бироқ бунинг учун уни койиш шарт эмас. Сизнинг истагингиздек чиқмаган ишга нималар тўсқинлик қилаётганини сўраган маъқулроқ! Боиси ҳамма ходимлар ҳам мавжуд муаммолар ҳақида гапиравермайди.
— Ўз ишини пухта қилувчи ходимга ҳаддан зиёд кўп топшириқ бериш ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Боиси аввал берилган топшириқлар қолиб, кейинги ишга уриниши оқибатида талаб қилинаётган иш чала қолиши ёки улгурмай қолиш ҳолатлари юзага келиши мумкин.
— Ходимга бирор юмушни «ўз вақтида нега бажармадинг?», дейишдан аввал унинг имконият даражалари таҳлил қилиниши, у билан бирга фаолият юритувчиларнинг салоҳияти ҳисобга олиниши ёки ўша ходим айни вақтда қандай иш билан бандлигини аниқлаштирган маъқул. Шундагина зарур ёки тезкорлик билан тайёрланиши керак бўлган, муайян вақт, долзарблик жиҳатидан муҳим бўлган топшириқ Сиз айтган вақтда бажарилади.
— Сиз учун керакли бўлган ходимни Сиз раҳбарлик қилаётган ташкилотни ташлаб кетмаслигини истасангиз, унга Сизнинг назарингизда муҳим ҳисобланган топшириқни ўз вақтида бажаришини талаб қилинг. Бир вақтнинг ўзида эса ундан 3 ёки 4 та ишни бажаришни сўраманг. Унинг энергия ресурс манбаи чегараланганини, вақти келиб бу тарзда ишлаш унинг жонига тегиб, ўзи ва соғлиғи учун қулай бўлган жойни излаб қолишини эсдан чиқарманг! Рақобатлашув даврида бу вазиятдан бошқа иш берувчилар фойдаланиши мумкинлигини ёдда тутинг!
— Имкон қадар қўл остингиздаги ходимларнинг шахсий ҳаёти, кайфияти, уни ўйлантираётган масалалар ҳақида сўраб туринг. Бу Сизни уларнинг шахсий ҳаётига бефарқ эмаслигингизни англатади.
— Ташкилот учун оғир вазиятларда, муҳим топшириқлар кўпайган пайтда имкон қадар ходимларингизга далда бўлувчи илиқ сўзларни айтинг. Масалан, «Мен Сиздек жамоам борлигидан хурсандман», «Биз, албатта, бу ишни уддалаймиз», «Биз Сиз билан бир оиламиз», «Мен Сизларга ишонаман!». Бу сўзлар одатда эришдек туюлиши мумкин. Аммо жамоада ҳурмат қозонмоқчи бўлсангиз, ходимларингиздан фақатгина ишни талаб этавермасдан, уларнинг раҳбари бўлиш билан бирга кимгадир ака, яна кимгадир ука, опа ёки сингил бўла олишингизни ҳам исботлашингиз зарур. Шундагина Сиз кўзланган мақсадга эришасиз.
— Ҳеч қачон атрофдагиларнинг гапи билан хулоса чиқарманг! Унутманг, бирор бир ходим ҳақидаги ҳаққоний маълумотга эга бўлмоқчи бўлсангиз ўзи билан суҳбатлашинг. Шундагина ҳақиқат ва аниқ далиллар асосида у ҳақидаги фикрингизни шакллантирасиз!
Қисқа изланишларимиз натижаси бўлган ушбу қоидаларга амал қилинса, «Яхши ходимни қаердан топсам экан?», «Нега кўпчилик ходимлар мен раҳбарлик қилаётган ташкилотдан кетмоқчи?», «Нега ходимларимнинг иш коэффициенти тушиб кетаяпти?», деган саволлар туғилмаслиги мумкин, деган фикрдамиз.
Холисхон
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter